Истиқболли лойиҳа самаралари
Президентимиз ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Ситораи Мохи–хосса” маҳалла фуқаролар йиғинида, Ғиждувон шоҳ кўчаси бўйида барпо қилинаётган тиббиёт шаҳарчаси, туристик маркази, шунингдек, Ислом Каримов кўчаси, Когон шоссеси бўйлаб қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар ва Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида оқова сув тармоқлари тизимини қайта таъмирлаш, қуриш ва ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
Бу ишларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш мақсадида Халқаро Тараққиёт уюшмаси ва “Жаҳон банки” билан келишувга эришилган. Лойиҳа таркибига мазкур “Тиббиёт шаҳарчаси” ҳамда “Дилкушо” оқова насос станциялари қурилиши ҳам киритилган. Бунда Бухоро шаҳрида узунлиги 32,7 километрни ташкил этувчи оқова сув тармоғи ва ҳудуддаги 3 та оқова насос станциясини мукаммал таъмирлашга доир лойиҳа ишлаб чиқилган. Бунинг учун лойиҳа умумий қиймати 65,3 миллион АҚШ долларига молиялаштирилган бўлиб, бу сармоянинг 55 миллион АҚШ доллари Халқаро тараққиёт уюшмаси ва “Жаҳон банки”нинг кредит линияси ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа самараси ўлароқ янгидан қуриладиган оқова тармоқлари узунлиги Бухоро шаҳрида 8,6 километрни ташкил этади.
– Лойиҳа бошидан вилоятда 7 та контракт доирасида 103,8 километрга тенг оқова тармоғи ва 7 та оқова насос станцияси реконструкция қилинган, –дейди “Бухоро сув таъминоти” MЧЖ бошлиғи Шохрухали Саъдуллаев. –Бугунга қадар жами 47,7 миллион АҚШ доллари миқдорида қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Лойиҳа доирасида Бухоро шаҳридаги оқова сувларни тозалаш иншоотида мукаммал таъмирлаш-тиклаш ишлари якунига етказилмоқда. Бошқача айтганда, шартнома қиймати 6,95 миллион АҚШ долларидан ҳозирда 4,43 миллион АҚШ долларига тенг қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Ҳозирда бу оқова насос станцияларида иккиламчи сувни қабул қилиш камерасида белгиланган бетон ишлари тугатилган. Хориж давлатларидан зарур насос қурилмалари, механика ва электр жиҳозлари келтирилиб, электр тармоқларини қуриш ва металл конструкциялар монтажи бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Ситораи Мохи-хосса” аҳоли пунктида “Бухоро махсус сув қурилиш” МЧЖ корхонаси бош пудратчилигида фойдаланишга топширилган “Тиббиёт шаҳарчаси” оқова насос станцияси Халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган гидроиншоотлар қурилишида иштирок этмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ушбу худудда жами 18 километрдан ортиқ оқова тармоғи қурилган бўлиб, бунинг натижасида 17 мингдан зиёд абонент илк бор, худди шундай, 5 та йирик соғлиқни сақлаш муассасаси марказлашган оқова тармоғига уланмоқда.
Ушбу қўшимча ишларнинг амалга оширилиши натижасида Бухоро шаҳрида 230 минг аҳоли марказлашган канализация тизимига эга бўлмоқда. Бу дегани, лойиҳада белгиланган асосий индикаторлардан аҳолининг оқова хизмати билан таъминланганлик даражаси 56 фоиздан 80 фоизга ошмоқда. Бу эса шаҳарнинг санитар-эпидемиологик ҳолатини тубдан яхшилаш имконини бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА