Истиқболли лойиҳалар амалиётга
Миллий матбуот марказида «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан матбуот анжумани ўтказилди.“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Н.Умаров ва бошқалар мамлакатимизда қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар самарасида саноат корхоналари, ижтимоий объектлар ва аҳолига кўмир маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган ҳудудий дистрибьюторлик марказлари ҳамда уларнинг кўмир омборлари фаолият юритмоқда.
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналар томонидан ҳар йили 4 миллион тоннага яқин кўмир қазиб олинади. Кўмир саноати мамлакатимиз энергетика тармоғида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Сўнгги йилларда тармоқда кўмир қазиб олиш ва сотиш ҳажми барқарор ошмоқда, асосий иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар ўсиб бормоқда.
Жорий йилнинг 1 мартигача "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига темир йўл ташувлари учун амалдаги прейскурант ставкаларининг 50 фоизи миқдоридаги чегирма берилиши ҳисобига аҳоли учун кўмирнинг чакана нархи 13 фоизга камайтирилди. "Кўмир саноатини 2017-2021 йилларда ривожлантириш ва модернизация қилиш" бўйича дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди, унга кўра, умумий қиймати 690,5 миллион долларлик 6 инвестицион лойиҳа амалга оширилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, босқичма-босқич учта коннинг ишга туширилиши натижасида 2017 йилда кўмир қазиб олиш ҳажми 3,92 миллион тоннага етказилади.
Истиқболли инвестицион лойиҳаларининг амалга оширилиши Ўзбекистон кўмир саноатини янги ривожланиш босқичига кўтаради, унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширади, бу иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини қаттиқ ёқилғи билан барқарор ҳамда узлуксиз таъминлаш имконини беради.