Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Навоий вилояти Зарафшон шаҳар «Янги Зарафшон» маҳалласида яшовчи фуқаро Гулзода Таджибаева Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали оғзаки мурожаат қилган.
Мурожаатда келтирилишича, истеъмолчининг укаси жорий йилнинг 1 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрига учиб кетиш учун 2 та катталар учун ва 2 та ёш болалар учун жами 7 600 000 сўмга авиачипта сотиб олган. Фуқаро ушбу кунга қадар уй-жойларини сотиб, рўйхат (прописка)дан чиқиб, кетиш учун тайёр эди. Лекин маълум сабабларга кўра, авиарейс қолдирилганини эшитган истеъмолчи авиакассага бориб, чипта учун тўланган 7 600 000 сўм пулни қайтаришларини сўрайди. Аммо Авиакасса масъул ходимлари ушбу пулни тезда қайтара олмасликларини айтишади.
Мазкур мурожаат жамият масъул ходимлари томонидан ўрганилиб истеъмолчига авиачипта учун тўлаган 7 600 000 сўм пул маблағ қайтарилди.
Мана шундай мурожаатлардан бири Қарши шаҳрида яшовчи Б.Жабборов томонидан келган. Мурожаатга кўра, ширкат томонидан кўп қаватли уйнинг том қисми таъмирланган ва ёғингарчиликда сув ўтмаслигига кафолат берилган. Аммо уйнинг томидан сув ўтган. Оқибатда, Б.Жабборовнинг уйига жиддий зарар етган. Мурожаат ўрганилганда Б.Жабборов ширкатга тўловларни тўлаб келгани, уй томидан сув ўтиши оқибатида у 5 млн 916 минг сўм моддий зарар кўргани аниқланган. Шундан сўнг Федерация масъул ходимлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилган ва суд қарорига асосан, ширкатдан истеъмолчига етказилган 6 млн сўм моддий зарар тўлиқ ундириб берилган.
Шунингдек, Наманган вилояти Чуст туманида яшовчи фуқаро Гулноза Набиева ўз мурожаатида, истеъмолчи жорий йилнинг 21 сентябрь куни Инстаграм саҳифаси орқали "Max box" интернет магазинига Iphone 11 телефони учун 7 245000 минг сўм тўловни амалга оширади ва 21 кун ичида телефон кулида бўлишини айтишади, аммо 2 ой ўтса хам телефон аппаратидан дарак йўқ. Шундан сўнг истеъмолчи пулни қайтаришни сўрайди, бироқ пулни қайтариб ололмайди. Мазкур мурожаат қилади Тошкент шаҳар Учтепа туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб истеъмолчига етказилган зарар қоплаб берилди.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси матбуот хизмати