Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига хизмат автомобиллари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 октябрдаги қарори ижросини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Қашқадарё вилоятида хизмат автомобиллари топширилди.
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмасига замонавий “Tracker”, Косон ва Миришкор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига эса “Onix” русумли хизмат автомобиллари тантанали равишда топширилди.
Таъкидланганидек, мазкур транспорт воситалари ҳудудларда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил этиш, жамоатчилик мониторингларини ўтказиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни тезкор ўрганиш ҳамда аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини янада оширади.
Бугунги кунда федерация тизимида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни қисқа муддатларда ҳал этиш, жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд этилганидек, моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши ҳудудий бўлинмалар фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолига яқин ва тезкор хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири