Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, бошқарма “Ишонч телефони” орқали келиб тушган ичимлик суви билан боғлиқ бўлган мурожаатлардан бири “Наманган сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Наманган шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Ўрганишда сув таъминоти корхонаси ходимининг масъулиятсизлиги, яъни далолатнома тузишда хатоликка йўл қўйилгани оқибатида истеъмолчига 6 760 756 сўм қарздорлик келиб чиққани аниқланди.
Жамият ходими томонидан тузилган далолатнома қарор талаблари асосида тузилмаганлиги сабабли бекор қилинди ва истеъмолчи мурожаатида келтирилган 6 760 756 сўм қарздорлик бартараф этилиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг 23-моддасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатланиши белгиланган.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА