Истеъмолчилар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар тарғиботи бўйича доимий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
– Жамиятимизга жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида 46 нафар истеъмолчи ариза ва шикоят билан мурожаат қилди, – дейди Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Матбуот хизмати раҳбари Хуршида Тожибоева. – Асосан, табиий газ ва электр энергияси тўловлари, алоқа хизмати ҳамда савдо-харид масалалари бўйича қилинган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 79 миллион 372 минг сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида жамият томонидан тарғибот масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Андижон вилояти тери-таносил касалликлари шифохонаси, Андижон вилояти Онкология диспансери, вилоят кўп тармоқли Болалар тиббий маркази сингари муассасаларда, шунингдек, қатор меҳнат жамоаларида ўтказилган тарғибот тадбирларида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда аҳолининг истеъмол маданиятини юксалтириш, уюшмага аъзо бўлиш масалаларида кенг тушунча ва маълумотлар берилди.
Жамият томонидан корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тарғиб этишга, фуқароларнинг истеъмол маданиятини юксалтиришга қаратилган юқоридаги каби тадбирлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА