Истеъмолчи манфаатлари қонун ҳимоясида
Навоий шаҳрида вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида 2021 йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида келиб тушган 470 та мурожаатнинг 447 таси ижобий ҳал этилиб, 23 та мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига 364 миллион сўмлик маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
– Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда уй-жой коммунал ва транспорт соҳасида 213 та, савдо, умумий овқатланиш соҳасида 140 та, алоқа ва молиявий хизматлар соҳасида 86 та, реклама ва бошқа соҳаларда 31 тани ташкил этиши маълум бўлди, – дейди бошқарма бошлиғи Валижон Адизов. – Олиб борилган мониторинг ва ўрганишлар натижасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш мақсадида бир қатор чоралар белгилаб олдик. Жумладан, турли ташкилот ва корхоналар, аҳоли гавжум жойларида истеъмолчиларга маълумотлар етказиш мақсадида тарғибот воситалари жойлаштирилди. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларида 22 та, ҳудудий электр тармоқлари, табиий газ, ичимлик суви, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси етказиб бериш, маиший чиқинди ташиш ва танспорт хизматларини кўрсатувчи корхоналарида 55 та “Истеъмолчи бурчаги” ташкил қилиниб, бунда сифатсиз, шу жумладан сертификати бўлмаган, яроқлилик муддати ўтган, сақлаш шароитига амал қилинмаган товарлар бўйича, коммунал ва транспорт хизматлари корхоналари ва мутасадди органларнинг “Ишонч телефон”и тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилди. Таълим муассасаларида “Оқилона истеъмол”, “Истеъмолчи рақамли маконда” мавзуларида ўқув семинарлар ўтказилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида тизимли равишда кунлик электрон маълумот олиниб, таҳлил қилиб борилмоқда. Жумладан, Кармана тумани бўйича табиий газ учун почта алоқа бўлимлари томонидан 2019 йилда тўланган тўловлар газ таъминоти ҳисоб рақамига тушмаган ҳолатлар юзасидан келиб тушган мурожаатлар асосида таҳлил ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Навоий филиали почта алоқа бўлимлари томонидан 2233 нафар истеъмолчидан табиий газ учун тўланган қарийб 240 миллион сўм маблағ газ таъминоти ҳисоб рақамларига ўз вақтида ўтказиб берилмаганлиги аниқланди.
[gallery-3227]
Шунингдек, бошқарма томонидан таълим муассасалари тасарруфидаги ётоқхоналар фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганишда таълим муассасалари тасарруфида бўлган ётоқхоналарда ётоқхонадан фойдаланганлик учун бир йиллик тўлов миқдори, 2020/2021 йил ўқув йили учун жойлаштирилган талабалар ҳамда улар билан тузилган шартномалар, ҳар бир талаба бўйича ётоқхонадан фойдаланганлик учун ҳисобланган ва ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар таҳлил қилинди.
Натижага кўра, 1371 нафар талабага 272,4 миллион сўм ётоқхонадан фойдаланганлик учун ортиқча маблағ ҳисобланганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг хуқуқларини чеклаб қўйиши мумкин бўлган бандлар мавжудлиги аниқланди.
Навоий вилоятида фаолият юритаётган босма ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган рекламалар кунлик мониторинг қилинганда ижтимоий тармоқлардаги telegram мессенжерида “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси ҳамда “Рекламани жойлаштириш тўғрисида”ги Низомнинг 18-банди талаблари бузилган 36 та ҳолат аниқланган. Шунингдек, вилоятда ўрнатилган ташқи рекламаларни хатловдан ўтказиш жараёнида 87 та тадбиркорлик суъбекти томонидан жойлаштириш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 106 та ташқи реклама воситаси ўрнатилганлиги маълум бўлган.
Шундан 64 та ташқи реклама воситаси ихтиёрий равишда олиб ташланган бўлса, 42 та ташқи реклама воситасига эга бўлган 28 та тадбиркорлик суъбектига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 13-банди талаблари бузилиш аломатлари мавжудлиги ҳолати (белгиси) бўйича тегишли тартибда бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА