“Истеъдодли ёшлар майдони” лойиҳаси
Жиззах вилояти прокуратурасининг ташаббуси билан Жиззах шаҳридан бошланган ўндан ортиқ турли танловлар, спорт мусобақалари, интелектуал ўйин ва киберспорт беллашувларини ўз ичига олган “Истеъдодли ёшлар майдони” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги ўсмир ўғил ва қиз болалар ҳамда ёш йигит-қизлар қатнашмоқда.
Вилоятнинг Зомин ва Дўстлик туманларида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда Жиззах тажрибаси асосида ушбу лойиҳа доирасида уюштирилган тадбирларда туман маҳаллаларидан сараланган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўсмир ва ёшлардан ташкил топган жамоалар иштирок этди.
[gallery-20559]
Ўсмир ўғил ва қиз болалар, ёш йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ушбу тадбирларнинг бош мақсади этиб белгиланган.
Лойиҳа доирасида футбол, минифутбол, шахмат бўйича спорт мусобақалари, шунингдек, қўшиқчилик ва шеърият йўналишлари бўйича “Ёшлар овози” ва “Ғазалхон ёшлигим”, рассомчилик бўйича “Она юртимни тасвирлайман”, “Ёш ҳунарманд”, “Ёш ихтирочи”, “Ёш дастурчи” кўрик-танловлари, шунингдек, “Қувноқлар ва зукколар”ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва киберспорт баҳслари бўлиб ўтди.
“Истеъдодли ёшлар майдони” лойиҳаси доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ушбу тадбирларга ўсмир ва ёшлар юқори тайёргарлик ҳамда катта иштиёқ билан фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Зомин ва Дўстлик туманларида ташкил этилган тадбирларнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари