Истанбулда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг “Эркин миллат пойдевори” китоби тақдимоти ўтказилди
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Истанбул Тижорат университетида сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг “Эркин миллат пойдевори” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда муаллиф асарнинг яратилиш тарихи, уни ёзишга ундаган омиллар ҳамда китобда илгари сурилган ғоялар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон жамиятининг тараққиёт йўли, давлатчилик анъаналари, миллий тафаккур, фуқаролик жамияти ва сиёсий маданият масалалари хусусида фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, “Эркин миллат пойдевори” асари Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўлини сиёсий ва ижтимоий жараёнлар кесимида таҳлил этади. Муаллиф мамлакатда мустақил давлатчилик асосларини яратиш, миллий тикланиш жараёнлари ва давлат институтларини шакллантириш босқичларини ўрганар экан, 2016 йилдан кейин бошланган янги тараққиёт даврига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Асарда кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, давлат бошқарувини такомиллаштириш, фуқаролар билан мулоқот тизимини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасини модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ўзгаришлар таҳлил қилинган. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг жамият ҳаётига таъсири, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг мустаҳкамланиши ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишига оид фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Муаллиф мазкур жараёнларни Ўзбекистоннинг замонавий сиёсий тараққиётидаги муҳим босқич сифатида баҳолаб, эркин ва масъулиятли фуқаролардан иборат жамиятни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
Тақдимотда Туркияда яшаб, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик ватандошлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Учрашув савол-жавоблар руҳида ўтиб, иштирокчилар китобда кўтарилган мавзулар, мамлакат тараққиёти, миллий ўзликни англаш ва замонавий сиёсий жараёнларга оид масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир якунида китобхонларга муаллиф дастхати туширилган китоблар тақдим этилди.
ЎзА