Иссиқлик таъминотини яхшилашга 533 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди
Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2026 йил Инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивларида барпо этилган кўп қаватли уй-жойларни марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича муҳим лойиҳалар изчил давом эттирилмоқда.
"Иссиқликтаъминоти" АЖ маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар йиллик режага нисбатан 60,4 километр иссиқлик тармоғи ётқизилиб, белгиланган режанинг 39 фоизи бажарилди. Шу билан бирга, жами 16 та иситиш қозони ўрнатилиб, бу кўрсаткич режанинг 25 фоизига тенг бўлди.
Молиявий кўрсаткичлар ҳам лойиҳаларнинг изчил амалга оширилаётганини тасдиқламоқда. Қурилиш-монтаж ишлари учун ажратилган 533,7 миллиард сўм маблағнинг 215,3 миллиард сўми ўзлаштирилган бўлиб, бу умумий маблағнинг 40 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 211,7 миллиард сўм молиялаштирилди.

Амалга оширилган ишлар доирасида иссиқлик таъминоти корхоналари тасарруфидаги 6 та иситиш қозони ҳамда 37 километр иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишлари якунланди. Бу кўрсаткичлар мос равишда режанинг 15 ва 37 фоизига тенгдир.
Шу билан бирга, «Янги Ўзбекистон» массивларида 10 та янги иситиш қозони ўрнатилиб, 23,3 километр иссиқлик тармоқлари қурилди. Мазкур ишлар бўйича бажарилиш даражаси тегишли равишда 43 ва 41 фоизни ташкил этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат иссиқлик таъминоти сифатини яхшилаш, балки энергия тежамкорлигини ошириш, тизимдаги йўқотишларни қисқартириш ва аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Натижада 1 минг 153 та кўп квартирали уй ва 184 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» массивларидаги 523 та кўп қаватли уй ҳамда 47 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти тизимига уланади.

Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда замонавий коммунал инфратузилмани шакллантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва шаҳарсозлик сиёсати самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА