Иссиқкўл делегацияси Фарғонада
Фарғона вилоятида бўладиган Тинчлик форумига тайёргарлик кўрилмоқда. Ана шу йирик халқаро анжуман арафасида кўплаб тадбирлар бўлиб ўтаяпти.
Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилояти Жеттиўғиз тумани делегацияси Фарғонадаги ислоҳотлар билан танишиш, ўзаро тўғридан-тўғри иқтисодий, маданий алоқаларни йўлга қўйиш учун водийга келдилар. Уларга вилоятнинг саноат салоҳияти, қишлоқ хўжалиги, саёҳат манзиллари тақдимоти ўтказилди.
– Биз Ўзбекистон, Фарғонада амалга оширилган ўзгаришлардан ҳайратдамиз, – дейди Жинара Бекмуродова. – Аслида туркий халқларнинг ўзаги бир. Ишончим комил, бу ҳамкорлик, тажриба алмашув дўстлик дарахтига янги япроқлар бўлиб чиқади ҳали.
Меҳмонлар Риштон ҳунармандчилиги маркази, Марғилон шаҳри устахоналарида ҳам бўлдилар.
– Мен Фарғона вилоятига сафаримизни видео тасмага туширяпман. Бу унутилмас таассуротларни Иссиқкўл телевидениеси орқали элимизга улашаман, – дейди тележурналист, делегация аъзоси Жанара Сагиндекова.
– Биз рақобат эмас, ҳамкорлик қилсакгина икки халқ дўстлиги янада мустаҳкамланади, тинчлигимиз барқарорлашади, – дейди Қирғизистон делегациясини қутлар экан Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов.
[gallery-25711]
Иссиқкўл ва Фарғона вилояти делегация аъзолари бу каби анжуманлар бардавом бўлишига келишиб олдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА