Исроил вазири «NAZA» режиссёрларини фуқароликдан маҳрум қилишни талаб қилди (+видео)
Исроил маданият вазири Мики Зоар Венеция кинофестивалида махсус ҳакамлар совринини олган «NAZA» ҳужжатли фильми режиссёрлари Юваль Абраҳам ва Рахель Шорни Исроил фуқаролигидан маҳрум қилишга чақирди. У режиссёрларни «ўз мамлакатига хиёнат қилишда» айблади, деб хабар қилди ВВС.
Фильм Ғазодаги уруш ҳақида бўлиб, унда Исроил армияси зарбалар вақтида сунъий интеллект технологияларидан фойдалангани ва бу ҳужумлар натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида сўз юритилади.
Венецияда намойиш этилган«NAZA» фильми Британиянинг The Guardian газетаси журналистлари билан ҳамкорликда тайёрланган. Фильм намойишидан сўнг томошабинлар 25 дақиқа давомидатик туриб исроиллик ижодкорларни олқишлаган.
«Маданият вазири сифатида мен бу режиссёрларни мамлакатга хиёнат қилгани учун Исроил фуқаролигидан маҳрум қилиш бўйича дарҳол чора кўраман», — деди Исроил маданият вазири Мики Зоар.
Фильм 24 нафар Исроил ҳарбийси ва офицери билан ўтказилган интервьюларга асосланган. Муаллифларнинг айтишича, уларнинг барчаси Ғазога қилинган ҳужумларни режалаштириш ёки амалга оширишда иштирок этган. Уларнинг исмлари ва юзлари яширилган, овозлари эса ўзгартирилган.
Улар фильм муаллифларига Ғазодаги аҳоли уйларини ҳужум нишонлари сифатида танлаш жараёнида масофадан туриб иштирок этганликларини айтиб беришган. Фильмда таъкидланишича, айрим ҳолатларда Исроил ҳарбийлари ҳужум қилинадиган уйда болалар борлигини олдиндан билган.
«NAZA» муаллифлари Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий операциялари тинч аҳолининг кенг кўламда ва тизимли равишда ҳалок бўлишига олиб келганини таъкидлайди. Исроил томони эса бу айбловларни рад этмоқда.
Аввал фуқароликни мажбуран бекор қилиш асосан шахс фуқароликни атайлаб ёлғон маълумот бериб олган ҳолатларда қўлланар эди. 2023 йилда яна бир асос қўшилди: терроризм учун судланган шахс фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкин. Бундан ташқари, 2022 йилда Исроил Олий суди давлатга нисбатан садоқатсизлик қилган, масалан, жосуслик ёки давлатга хиёнат қилган шахсларни ҳам фуқароликдан маҳрум қилиш мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА