Исроил армияси Сурия жанубига огоҳлантирувчи варақалар ташлади
“Анадолу” ахборот агентлиги хабар беришича, Сурия жанубидаги Дера ва Кунейтра вилоятлари оралиғидан оқиб ўтувчи Ярмук дарёси атрофига Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари самолётларидан огоҳлантирувчи варақалар сочилган.
Бу ҳудудда Исроил армияси (ЦАХАЛ) ўзининг ҳарбий иштирокини босқичма-босқич кенгайтиришни ва ҳудудларни эгаллашни давом эттирмоқда. Маҳаллий манбаларнинг таъкидлашича, бу ҳолат аҳоли Исроил қўшинларининг ичкарига киришига тўсқинлик қилиш мақсадида йўлларни тошлар билан тўсиб қўйганидан сўнг содир бўлган.
Варақаларда Исроил кучларига қарши ҳар қандай қаршиликларни, жумладан, йўлларни тўсишни дарҳол тўхтатиш талаб қилинган. Шунингдек, ҳарбийлар ўз мақсадларига эришиш учун барча имкониятларни ишга солишда давом этиши таъкидланган.
Исроил армияси Дера ва Кунейтра ҳудудларида мунтазам равишда рейдлар ўтказиб, назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатмоқда ҳамда маҳаллий аҳолини қўлга олмоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда Сурияда Башар Асад режими ағдарилгач, Исроил 1974 йилда тузилган битимни бузган ҳолда Дера ва Кунейтранинг баъзи ҳудудларида ўз ҳарбий постларини ўрнатган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА