Ислом олами ривожида Термизий алломаларнинг ўрни
Термиз давлат университетида “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда мамлакатимизнинг 60 дан ортиқ таниқли диний уламоси, исломшунос ва тарихчи олимлари, соҳа мутахассислари офлайн ҳамда онлайн иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Термиз давлат университети, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган конференциянинг очилишида кейинги йилларда мамлакатимизда буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодини илмий асосда атрофлича ўрганиб, тарғиб қилиш ҳамда уларнинг бебаҳо меросини ёш авлод онгу-шуурига чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам ана шундай улуғвор мақсадларга хизмат қилаётгани қайд этилди.
[gallery-19245]
Айни пайтда марказ ходимлари ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини Имом Термизий ва бошқа термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, дунёга кенг тарғиб қилмоқда. Юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиб, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш учун зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан тизимли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, 2017-2023 йилларда юзга яқин Термизий алломалар ва мовароуннаҳрлик бошқа мутафаккирлар илмий меросининг изоҳли таржима асарлари нашр қилинди. Туркияда сақланаётган юздан ортиқ термизий олимларнинг қўлёзма асарлари каталоги тайёрланди. Мингдан зиёд термизий олимларнинг қўлёзма асарларини ўз ичига олган “Термизлик олимлар асарларининг жаҳон фондларидаги қўлёзмалари каталоги” чоп этилди. Термизийлар ҳаёти ва меросига оид асарларнинг электрон шакли дунёнинг турли кутубхоналаридан олиб келиниб, “Термизийлар мероси” электрон базаси шакллантирилди.
Қўлёзмалар фондида улуғ аждодларимиз меросига оид қўлёзма ва тошбосма асарлар, қўлёзма асарларнинг электрон нусхалари ва даврий нашрдаги китоблар жамланди. Россия, Марокаш, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Ҳиндистон каби мамлакат олимлари билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов иштирокчиларни онлайн, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев ва бошқалар офлайн табриклади. Буюк муҳаддис Имом Термизий ва бошқа термизий алломалар асарларининг мазмун-моҳияти, бугунги ёш авлод камолотидаги ўрни хусусида фикр юритди. Мазкур анжуман ҳам термизий алломалар меросини янада кенг ўрганишда янги босқични бошлаб беришига омад тилади.
Конференцияда Термиз давлат университети доценти, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Жалолиддин Мирзаев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом дини меросини сақлаш бўлими бошлиғи Мирзо Кенжабек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шукурилло Умаров, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исламов ва бошқа етук олимлар, илмий тадқиқотчилар “Термизий алломалар илмий мероси дунё фондларида”, “Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарида Имом Бухорийнинг фикр-қарашлари ва хулосаларидан истифода этилиши”, “Термизий алломалар меросини ўрганиш борасидаги изчил ислоҳотлар: натижалар ва истиқбол”, “Янги Ўзбекистонда ҳадисшунослик илмининг янги босқичи” каби 15 га яқин мавзуда қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.
– Мамлакатимизда улуғ муҳаддис, буюк аллома Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланиши ўтмишда ислом олами ривожига улкан ҳисса қўшган термизлик беназир алломаларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди, – дейди “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исламов. – Ислом олами ҳадисшунослигида Имом Бухорийдан кейин иккинчи ўринда турувчи ҳадис илмининг буюк асосчиларидан бири Имом Термизий ўндан ортиқ нодир асари билан ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшиб, дунёга танилган. Ул зотнинг асарларини асрлар давомида исломшунослар катта қизиқиш билан ўрганиб, таҳлил қилмоқда. Ушбу анжуманда ҳам Имом Термизий ва термизий улуғ алломалар ҳаёти ва ижоди хусусида атрофлича фикр алмашилгани жуда аҳамиятли бўлди.
Илмий-амалий анжуманда термизий алломалар илмий-маънавий меросининг ҳозирги даврдаги ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида чуқур мулоҳаза юритилиб, асарларини кенг тарғиб қилиш, китобхонлар, айниқса, ёшларнинг ўқиб-ўрганишига интилишини янада ошириш юзасидан ҳам таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА мухбирлари