Ислоҳотлар ривожи салоҳиятли, билимли ёшларга боғлиқ
Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокими Ўткирбек Шукуров тумандаги умумтаълим мактаблари раҳбарлари ва чет тили фани ўқитувчилари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 13 февраль куни ижтимоий соҳага масъул раҳбарлар иштирокида ўтказган йиғилишида мамлакатимизни олға бошловчи, ислоҳотларни амалга оширувчи асосий куч бу – билимли ва соғлом авлод эканлиги, шу боис, таълим тизимининг барча босқичлари ислоҳ қилиниб, изчил ривожлантирилиши, асосий эътибор сифатга қаратилиши, 2023 йилдан бошлаб, ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг энг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб тумандаги 74- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда туман ҳокими ҳар бир мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, бирор касб-ҳунарни эгаллаши учун зарур барча шароитларни яратиш, таълим сифатини, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
[gallery-10606]
Айни кунда Хўжаобод туманида 31 та умумтаълим, 6 та махсус ва ихтисослаштирилган, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритмоқда, уларда 22 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Мактабларда хорижий тил сифатида асосан, инглиз ва немис тили ўқитилади.
Мулоқотда таълим муассасаларида фаолият юритаётган чет тили фани ўқитувчиларига ўз устида кўпроқ ишлаш, ўқувчи ёшларга сифатли таълим бериш ҳамда мактаб битирувчиларига камида иккита тилни ўргатиб, келажакда уларни жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига кўмаклашиш, бу борадаги муҳим вазифалар юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўқувчиларга инглиз ва немис тилларини янада чуқурроқ ўргатиш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, бундан ташқари, вилоятда иш олиб бораётган ўқув марказлари билан ҳамкорликда француз, корейс ва хитой тилларини ўргатиш бўйича ҳам тўгараклар ташкил этишга келишиб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА