Ислоҳотлар ўз мевасини беришда давом этади
Маълумки, мамлакатимизда тараққиёт сари туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Натижада меҳнаткаш ва танти халқимиз учун янгидан-янги имкониятлар яратилиб, жамият ҳаётида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Албатта, бу эзгу йўлда давлатимиз раҳбарига ҳамнафас ва елкадош бўлиб, ислоҳотларни ҳар бир вилоят, туман даражасида жонлантириш, бу – ҳудуд раҳбарларининг асосий вазифаларидан биридир. Шу маънода Жиззах вилояти Фориш туманида ҳудуд аҳолисининг яшаш даражасини яхшилаш, ишсизликни камайтириш, ёшлар ишлари ва кичик бизнесни ривожлантириш масаласида салмоқли ишлар олиб бормоқда.
Туманда энг аввало ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, таклиф ва шикоятларини тинглаш, жойида ёки тизимли ҳал қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, эътиборга муҳтож оилалар ҳамда ёшларни иш билан, турар жой билан таъминлаш бўйича муаммоларни ҳал этиш муҳим масалалар сифатида белгиланган. Етим ва боқувчисини йўқотган болаларнинг икки нафарини турар жой билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. Чунки, бу жамиятимиз келажаги бўлган ёшларга давлатимиз томонидан қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Масалан, Фориш туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида 2022 йил 11 ноябрдаги тегишли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида А.Темур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 21 км. тоза ичимлик суви қувурлари тортиш ва иккита сув иншооти қуриш кўзда тутилган. Олиб бориладиган ишлар натижасида маҳалланинг бир неча минглик аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Дарҳақиқат, Фориш туманида устувор йўналишлар бўйича қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда ва бу ислоҳотлар ўз мевасини беришда давом этади.
Азиз ИНАТОВ