Ислоҳотлар одамлар ҳаётида намоён бўлмоқда
Ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий қиммати статистик кўрсаткичларда эмас, балки инсон ҳаётида юз бераётган ҳақиқий ўзгаришларда намоён бўлади. Рақамлар қанчалик юқори бўлмасин, агар улар ортида инсон қадри, фаровонлик, янги имкониятлар ва барқарор ҳаёт турмаса, ислоҳотнинг мазмун-моҳияти тўлиқ очилмайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Сирдарё вилояти Ховос туманида сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгаришлар оддий иқтисодий ўсиш эмас, балки жамият ҳаётининг барча қатламларига таъсир кўрсатаётган кенг кўламли ижтимоий янгиланиш жараёнидир.
Йўллар ободлиги, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши, янги иш ўринларининг яратилиши, қишлоқларда инфратузилманинг янгиланиши — буларнинг барчаси давлат сиёсати жойларда амалий натижа бераётганининг яққол ифодасидир.
2025 йил 4 декабрда Сирдарё вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ҳам ана шу ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим сиёсий-иқтисодий воқеа бўлди. Ушбу йиғилишда белгиланган вазифалар Сирдарёни нафақат аграр, балки саноат ва хизматлар соҳасида ҳам барқарор ривожланган ҳудудга айлантиришни кўзда тутади.
Президент таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” тамойили ислоҳотлар марказида турган экан, унинг амалий натижалари ҳам айнан аҳоли турмушида ўз аксини топмоқда. Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларида сезиларли ўсиш кузатилди. Инвестициялар ҳажми кенгайди, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, бандлик имкониятлари ортиб бормоқда.
Ана шу жараёнларнинг энг ёрқин ифодаси Ховос тумани мисолида яққол намоён бўлади. Бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалигига таянган ҳудуд бугун босқичма-босқич индустриаллашув ва ижтимоий янгиланиш йўлидан бормоқда.
Туман тараққиётида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида 2019 йил 18 июлда Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи қайд этилади. Ўша ташриф чоғида Ховос шаҳарчасининг янги марказини барпо этиш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш ва инфратузилмани комплекс ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Шундан сўнг туманда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Янги марказ ҳудудида 30 та беш қаватли уйдан иборат 760 та хонадон барпо этилди. Уларнинг 600 таси аҳолига имтиёзли шартларда тақдим этилиши ижтимоий адолат ва манзилли қўллаб-қувватлаш сиёсати амалда эканини кўрсатади.
Энг муҳими, илгари эски ва зич уй-жойларда яшаган аҳоли учун бу ўзгаришлар ҳаёт сифатининг кескин яхшиланишига сабаб бўлди. Замонавий уй-жойлар, муҳандислик тармоқлари ва қулай инфратузилма янги ҳаёт муҳитини шакллантирмоқда.
Куни кеча Халқ депутатлари туман Кенгашининг 28-сессиясида туман ҳокими Қомус Юлдашев томонидан тақдим этилган маълумотлар Ховос иқтисодиётида барқарор ўсиш тенденцияси мустаҳкамланаётганини тасдиқлади.
2025 йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ҳажми 426,8 миллиард сўмни ташкил этиб, 104,8 фоиз ўсиш қайд этилди. Бу натижалар янги корхоналарнинг ишга туширилиши, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва саноат тармоқларининг кенгайиши билан боғлиқ. Энг муҳими, ушбу жараёнлар орқали янги иш ўринлари яратилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда. Ҳисобот даврида 2 триллион 259,3 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 107,6 фоиз ўсишга эришилди. Замонавий агротехнологиялар жорий этилиши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва фермерлар қўллаб-қувватланиши ушбу натижаларнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Туман иқтисодиётига инвестициялар оқими сезиларли даражада ошди. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 862,9 миллиард сўмни ташкил этиб, 155,1 фоиз ўсиш қайд этилди.
Хорижий инвестициялар ҳам кенгайиб бормоқда. Жорий йилда 188,3 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган бўлиб, дастлабки натижаларнинг ўзиёқ 162 фоиз ижрони кўрсатмоқда.
Жумладан, “OTP Bank Group” иштирокида амалга оширилаётган “Яшил ферма” паррандачилик комплекси Ховосдаги йирик лойиҳалардан биридир. Қиймати 165 миллион доллар бўлган ушбу комплекс ишга туширилгандан сўнг йилига 28 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ички бозорни таъминлаш билан бирга экспорт салоҳиятини ҳам оширади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати, 62,5 минг тонна қувватга эга озуқа ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилишидир. Бу тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш имконини беради. Энг муҳими, комплекс тўлиқ қувватда ишга тушганда 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
[gallery-29224]
Ховос туманида ички бозор фаоллиги ҳам ортиб бормоқда. Чакана савдо айланмаси 265,7 миллиард сўмга, хизматлар ҳажми эса 459,9 миллиард сўмга етди. Бу аҳоли даромадлари ўсиб бораётгани ва хизмат кўрсатиш соҳаси иқтисодиётда тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади.
– Сўнгги йилларда Ховос туманимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат ва инфратузилма соҳасидаги ислоҳотлар одамлар ҳаётида яққол сезилмоқда. Илгари орзу бўлиб кўринган замонавий уй-жойлар, барқарор иш ўринлари, обод кўчалар бугун ҳақиқий ҳаётга айланди. Энг муҳими, аҳолининг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда. Бу ўзгаришлар рақамларда эмас, ҳар бир хонадон фаровонлигида кўриниб турибди, – дейди меҳнат фахрийси Шербута Пиримқулов.
Мухтасар айтганда, Ховос туманидаги бугунги ислоҳотлар статистик кўрсаткичлар билан эмас, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўз қимматини намоён этмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, фаровонликни ошириш ва барқарор келажак яратишга қаратилган бу жараёнлар ислоҳотларнинг ҳақиқий мазмунини очиб бермоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири