Ислоҳотлар инсон саломатлигига хизмат қилмоқда
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги “Маърифат” боғида “Соғлом жамият – кучли давлат” шиори остида бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, профилактик тиббий кўрикларнинг аҳамияти ҳамда тиббий хизматлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эса аҳолига сифатли, тезкор ва замонавий тиббий хизматларни яқинлаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ҳамда касалликларни эрта аниқлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳар бир фуқаронинг саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришдир.

Тадбирда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар, ёш болали оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, малакали шифокорлар кўригидан бепул ўтиш имкониятига эга бўлди.
Тиббий кўрик жараёнида кардиолог, уролог, жарроҳ, травматолог, онколог, гинеколог, дерматолог, эндокринолог, педиатр, невропатолог ва нарколог каби тор мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган кўриклар ўтказилди. Шунингдек, ультратовуш текшируви (УЗИ), электрокардиография (ЭКГ), рентген ҳамда маммография каби замонавий диагностика хизматлари йўлга қўйилди.
Тадбир давомида юзлаб фуқаролар ўз саломатлиги бўйича малакали маслаҳатлар олди, зарур ҳолатларда қўшимча даволаниш учун йўлланмалар берилди.

– Тиббий кўрик ўтказилаётганини эшитиб келдим, – дейди Д.Саимова. – Текширувлар жараёнида соғлигимда муаммолар борлиги аниқланди. Шифокорларга раҳмат. Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасида бепул даволанишим учун йўлланма беришди. Бу давлатимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўрсатилаётган амалий ғамхўрликнинг бир кўринишидир.

Албатта, бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар фақат шифохоналар қуриш ёки янги жиҳозлар ўрнатиш билан чекланмасдан, тиббий хизматларни халққа яқинлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, ҳар бир инсонда ўз саломатлигига масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу борада маҳаллаларда ўтказилаётган оммавий тиббий кўриклар эса муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири