Ислоҳотлар – юксалиш омили
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институтида аграр соҳани модернизациялаш шароитида фермер хўжаликларини барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишлари мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институтида аграр соҳани модернизациялаш шароитида фермер хўжаликларини барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишлари мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш, пиллачилик, чорвачилик йўналишларида юксак самараларга эришилаётгани алоҳидатаъкидланди.
Жорий йилда фермер ва деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоизга ўсди. Хусусан, ғалла, пахта, шунингдек, пиллачилик, чорвачилик, мева-сабзавот ва бошқа тармоқларда шартномавий режалар муваффақиятли бажарилди. Бунда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермерлик ҳаракати қишлоқларимиз тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётгани, деҳқонда ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳисси кучайиб, келажакка ишончи янада мустаҳкамланаётгани муҳим омил бўлди.
Маълумки, бозор муносабатларининг ривожланиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва сифатини оширишни тақозо этмоқда. Бунинг учун тупроқ унумдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, замонавий агротехнологияларни жорий қилиш, селекция ва уруғчиликни янада ривожлантириш, меҳнатни тўғри ташкил этиш талаб этилади.
– Фермер хўжаликларида маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш бўйича илмий изланиш олиб бораётирмиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети магистри Нодиржон Бадалов. – Бу жараёнда назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ниятида Қибрай туманида “Нодир” фермер хўжалигини ташкил этдик. 20 сотихли иссиқхонада помидор, бодринг етиштиришни йўлга қўйдик. Чорвачиликни ривожлантириб, даромадимизни кўпайтириш ниятидамиз.
Анжуманда фермер хўжаликлари барқарор ривожланиши учун табиий, моддий, молиявий, меҳнат ресурсларидан ва интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳисобига юқори даромад олиши, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга экологик мувозанатни сақлаш каби масалаларга ҳам эътибор қаратиши зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда тизимдаги мавжуд интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш орқали улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ахборот-консалтинг маркази ва суғурта хизматини кенгайтириш, замонавий ахборот коммуникация технологияларини фермер хўжаликлари фаолиятига кенг жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.