Қишлоқда замонавий савдо маркази
Бухоро вилоятининг Бухоро туманида замонавий савдо маркази иш бошлади.
Бухоро вилоятининг Бухоро туманида замонавий савдо маркази иш бошлади.“Шехонча” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида “Давр-Прогресс” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўз маблағи ва “Ҳамкорбанк”нинг 410 миллион сўмлик кредити эвазига барпо этилган “Шехон-маркет” савдо марказидан озиқ-овқат, мева-сабзавот, саноат моллари, болалар кийим-кечаклари, ўйинчоқ каби турли маҳсулотларни харид қилиш мумкин. Тўлов мижозга қулай шаклда, жумладан, пластик карточка орқали амалга оширилмоқда.
– Қишлоғимизда икки йил давомида намунавий лойиҳалар асосида 120 замонавий уй-жой қурилди, – дейди Қодир Элмуродов. – Мана, замонавий супермаркет ҳам иш бошлади. Энди савдо қилиш учун овора бўлиб, вилоят марказига боришга ҳожат йўқ. Эл-юрт манфаати йўлидаги бундай эзгу ишлар ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.
“Давр-Прогресс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озоджон Тошевнинг таъкидлашича, тез кунларда мажмуа қошида дорихона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси, умумий овқатланиш шохобчаси ҳам иш бошлайди. Бу қўшимча янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Бухоро вилоятида жорий йилда аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш бўйича 591 лойиҳа амалга оширилиб, 4 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.