Ишлаб чиқариш ҳажми ошган сари асаларичиликка қизиқиш кўпаймоқда
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Туркманистон Республикаси билан чегара ҳудудининг чекка маҳалласидан таралаётган ширин ҳид — асал ҳиди. Аммо бу ердаги энг катта ширинлик асалнинг ўзи эмас. Унинг ортида минглаб меҳнат, тадбиркорликка бўлган ишонч, оилавий даромад ва инсоннинг ўз қўли билан фаровон ҳаёт яратаётгани мужассам.
Бугун юртимизда маҳаллаларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни даромадли меҳнатга жалб этиш ва ҳар бир хонадонни тадбиркорликка йўналтириш давлат сиёсатида устувор вазифалардан бирига айланди. Давлат раҳбари ташаббуси билан маҳаллаларда аҳолининг муаммосини ўрганишдан тортиб, унинг доимий даромад манбаини яратишгача бўлган яхлит тизим шакллантирилмоқда.
Тумандаги Жиғочи маҳалласидаги тажриба эса ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир. Яқинда ҳудудда амалга оширилаётган янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари, маҳаллаларда йўлга қўйилган янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятидан келган бир гуруҳ ҳоким ёрдамчилари Қоракўл туманида бўлишди.
Меҳмонлар, айниқса, Жиғочи маҳалласида аҳоли даромадини оширишнинг ўзига хос моделига айланган асаларичилик тажрибаси билан яқиндан танишишди.
Туман марказидан 30 километр узоқда жойлашган, жанубдан Туркманистон Республикасининг Лебап вилояти билан чегарадош Жиғочи маҳалласи бугун ўзининг меҳнаткаш аҳолиси ва тадбиркорликка яратилган имкониятлари билан эътиборга сазовор.

Маҳалла таркибидаги Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий ҳамда Муқимий кўчаларида 564 та хонадон, 890 та оила истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолиси 3 минг нафардан зиёд.
Эътиборлиси, бугун маҳалладаги 128 та хонадон асаларичилик билан шуғулланиб, мазкур фаолият орқали мунтазам даромад топмоқда. Ҳар бир хонадонда ўртача 10 тагача асалари уяси парваришланади. Асаларилар меҳнати эса оилавий бюджетга сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Бир оила мавсум давомида икки мартагача, ҳар сафар ўртача 15–20 килограмм атрофида табиий асал олиши мумкин. Бу оддий рақамлар эмас. Бу — маҳалладаги 128 та хонадон учун қўшимча даромад, оилавий тадбиркорлик, меҳнат ва фаровонлик манбаи дегани.
Жиғочидаги тажрибанинг энг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда асаларичилик фақат хонадон миқёсида қолиб кетмаган. Маҳалладаги “Ҳасанобод шифо бол” фермер хўжалиги аҳоли билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Фермер хўжалиги томонидан хонадонларга асалари уялари тарқатилади. Аҳоли эса асалариларни парваришлаб, табиий асал етиштиради. Етиштирилган маҳсулот фермер хўжалиги томонидан харид қилинади, қайта ишланади, қaдoқланади ва истеъмолчиларга етказиб берилади. Шу тариқа бир қарашда оддий кўринган асаларичилик жараёни яхлит иқтисодий занжирга айланмоқда: хонадон, тадбиркор, қайта ишлаш, бозор. Ана шу занжирнинг ҳар бир бўғинида манфаат бор. Хонадон эгаси — даромад олади. Тадбиркор — хомашё билан таъминланади. Қайта ишлаш корхонаси — иш ўринларини яратади. Бозор эса сифатли ва табиий маҳсулот билан таъминланади. Энг муҳими, аҳоли етиштирган маҳсулотини қаерга сотиш ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Уни харид қилиш, қайта ишлаш ва бозорга чиқариш механизми шаклланган. Бу эса маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг самарали усулларидан биридир.

Фермер хўжалигининг салоҳияти ҳам салмоқли. Хўжалик раҳбари Ғайрат Искандаров жиззахлик ҳоким ёрдамчиларига корхона фаолияти, ишлаб чиқариш қуввати ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, “Ҳасанобод шифо бол” фермер хўжалиги йилига 70 тоннагача асални тайёрлаш ва қайта ишлаш имкониятига эга. Бундай ҳажмдаги ишлаб чиқариш натижасида 16,8 миллиард сўмлик даромад олиш кўзда тутилган. Харажатлар чегирилгандан кейин эса 13,8 миллиард сўм соф фойда олиш имконияти мавжуд. Бу кўрсаткичлар ортида фақат бир корхонанинг эмас, балки ўнлаб, юзлаб хонадонларнинг манфаати турибди.
Зеро, ишлаб чиқариш ҳажми ошган сари аҳоли хонадонларида асаларичиликка қизиқиш, янги уялар сони, маҳсулот ҳажми ва даромад ҳам ортиб боради.
Меҳмонларни қизиқтирган жиҳат ҳам айнан шу бўлди. Жиззах вилоятидан келган ҳоким ёрдамчилари Жиғочи маҳалласида асаларичиликни ривожлантириш, аҳолини соҳага кенг жалб қилиш, хонадонларда етиштирилган маҳсулотни кафолатли харид қилиш, қайта ишлаш ва қadoқлаш борасидаги кўп йиллик тажрибани атрофлича ўрганди.

Зеро, бир ҳудудда самара берган тажрибани бошқа ҳудудларга татбиқ этиш — ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан биридир.
Айниқса, ҳоким ёрдамчилари учун бундай тажриба амалий аҳамиятга эга. Чунки уларнинг асосий вазифаси — маҳалладаги имкониятни аниқлаш, аҳолининг салоҳиятини ишга солиш ва ҳар бир оила учун муносиб даромад манбаини яратиш.
Жиғочи тажрибаси шу маънода тайёр намуна: катта сармоя талаб қилмайдиган, хонадон шароитида йўлга қўйиш мумкин бўлган, маҳсулоти бозоргир ва энг муҳими, оилавий даромадни оширишга хизмат қиладиган фаолият.
Бугун маҳалла фақат яшаш ҳудуди эмас. Унда янги иш ўринлари, тадбиркорлик лойиҳалари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва даромад манбалари яратилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган “маҳалла еттилиги” тизими, ҳоким ёрдамчилари институти, оилаларни даромадли меҳнатга жалб этиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар замирида ҳам ана шу мақсад мужассам: одамларга тайёр ёрдам эмас, барқарор даромад топиш имкониятини яратиш.
Жиғочи маҳалласидаги асаларичилик тажрибаси эса бу ғоянинг ҳаётдаги ёрқин кўринишидир. Бу ерда бир хонадоннинг имконияти бутун маҳалла иқтисодиётига уланмоқда. Бир асалари уяси эса кичик бўлса-да, катта даромад занжирининг бошланишига айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири