Иши бароридан келаётган тадбиркор
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 90 та кичик саноат зонаси мавжуд бўлиб, улардан 497 та лойиҳа амалга оширилган, 16 минг 606 та иш ўрни яратилган.
“Фарғона механика заводи” кичик саноат зоналаридан бири. 38 гектардан ортиқ ер майдонини эгаллаган саноат зонасида 29 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 2657 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
“Долина мастер мебель” масъулияти чекланган жамияти ушбу кичик саноат зонасида жойлашган биринчи корхоналардан. “Okkin” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган ошхона, ётоқхона ва офис мебеллари ички бозорга етказиб бериляпти.
-50 нафарга яқин ишчи банд бўлган корхонамизда ҳар ойда 700 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариляпти, - дейди цех бошлиғи Улуғбек Абдуллаев. – Цехимизда ўрнатилган асбоб-ускуналар Германияда, материаллар, хусусан, ДВП Россияда ишлаб чиқарилган.
Иши бароридан келадиган тадбиркор бўлиш учун олий маълумотга эга бўлиш шарт эмас экан. Корхона раҳбари Ўктам Абдуллаев Туркия, Германия, Италия, Францияда ўтказилган халқаро мебель кўргазмаларида фаол иштирок этиб келади. У замонавий мебель ишлаб чиқариш соҳасидаги янги технологиялардан воқиф бўлишни истайди. Акс ҳолда маҳсулотлари рақобат кучли бўлган бозордаги талаб-эҳтиёжга жавоб бермай қолиши мумкинлигини яхши билади.
Айки кунда корхонада турли металл конструкциялар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Қўшимча тарзда матрас ҳам тайёрланяпти.
[gallery-3425]
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА