Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда (+видео)
Фарғона вилоятида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.
Президентимизнинг мазкур йўналишдаги қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган ўрганишлар давомида ҳудудларда мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, амалий чоралар белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев раҳбарлигидаги Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан вилоятда комплекс ўрганишлар олиб борилмоқда. Дастлаб, Қўқон шаҳрида низоли оилалар билан ишлаш бўйича шаклланган ижобий тажриба ўрганилди. Жараёнда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Миллий гвардия ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети мутасаддилари иштирок этди. Ажрим ёқасидаги ва нотинч оилалар билан индивидуал ишлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларга манзилли амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар доирасида Қўқон шаҳридаги "Уста бозор" ҳамда Бувайда туманидаги "Бувайда" маҳаллаларида "Ижтимоий профилактика ҳафталиги" ташкил этилди. Тадбирлар давомида фуқароларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилди, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди. Меҳнат ва ижтимоий ярмаркалар, раҳбарларнинг сайёр қабуллари, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Шунингдек, пробация назоратидаги шахсларнинг мурожаатлари ҳал этилди, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Жиноятчилик профилактикаси ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида самарали фаолият юритган масъул ходимлар рағбатлантирилди.
Қўқон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчилик профилактикасини кучайтиришга қаратилган қарорлари ижроси муҳокама қилинди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига Республика ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда Бош прокуратура ходимлари бириктирилиб, сўнгги олти ой давомида амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Айни пайтда Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Учкўприк туманидаги криминоген вазияти мураккаб бўлган "Учкўприк" маҳалласида илмий-амалий ўрганишлар давом эттирилмоқда. Унда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда белгиланган "йўл хариталари" ижроси таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ўрганишлар якунлари асосида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, жиноятчилик профилактикаси самарадорлигини ошириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланиши кўзда тутилган.
Батафсил:
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/HxsnDD63jYI" title="O‘zbekistonga jo‘natilgan xalqaro pul o‘tkazmalari 9,3 mlrd dollarga yetdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА