Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда
Бухорода Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилмоқда.
Сенатор Абира Ҳусейнова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ўрганишларини Қоракўл туманида давом эттирди. Дастлаб, Президентимиз ташаббуси билан Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перенатал марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров мазкур марказ келгусида Қоракўл, Жондор ва Олот туманида яшовчи ҳомиладор аёлларга ва чақалоқларга хизмат кўрсатишини таъкидлади. Тадбирда перинатал марказга 5 турдаги замонавий ускуналар яъни Президент совғалари топширилди.
[gallery-9181]
Сенатнинг Гендер тенглиги ва хотин-қизлар масалалари бўйича қўмитаси аъзоси, ишчи гуруҳ раҳбари, сенатор Абира Ҳусейнова туманлараро перинатал марказида ҳомиладор аёллар, чақалоқлар ва уларнинг яқинларига яратилган шароитлар билан танишди. Марказ қошида касалларнинг қариндош уруғлари учун янгидан қурилган замонавий кутиш залида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди.
– Перинатал марказни ташкил қилиш учун (бесетка қуриш, мавжуд бинони таъмирлаш) 700 миллион сўм, тиббий жиҳозлар учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Элёр Олтиев. – Яна янги қабул ва диагностика, неореанимация бўлимларини қуриш ва тиббий жиҳозлар харид қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ туманлараро гемодиализ бўлимида яратилган -шароитларни ўрганди. Ишчи гуруҳ Бухоро тумани тиббиёт бирлашмасидаги туғруқ бўлимидаги репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан ҳам танишди. Тумандаги “Қавола Маҳмуд” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Давлатобод қишлоғида жойлашган маҳалла тиббиёт пунктида ҳудуд аҳолиси учун яратилган имкониятлар ҳам ўрганилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА