Ишчи гуруҳ мактаблар фаолияти ва ҳолатини ўрганмоқда
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмат тизими бошлиғи О.Мухторов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларида таълим сифати, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ўқувчилар давомати ва мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишмоқда.
Мамлакатимизда таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифати самарадорлигини ошириш, ўқувчи-ёшларга бугунги кун талаби даражасида таълим-тарбия бериш ҳамда пухта билим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика ишчи гуруҳи вакиллари Улуғнор туманидаги 13- ва 1-умумтаълим мактабларида бўлиб, мазкур таълим муассасаларидаги таълим сифати, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, ўқувчиларнинг давомати ва мактабдаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди.

Педагоглар, ўқувчилар билан учрашув ва мулоқотларда мутасаддилар томонидан ўқувчиларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш учун уларга мактабда етарлича шароитлар яратиш зарурлиги, синф хоналарнинг иссиқ ва ёруғ бўлишини таъминлаш, ўқитиш жараёнида илғор ва замонавий педагогик технологиялар, ўқувчиларни қизиқтирадиган иш услубларидан кенг фойдаланиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, тавсия ва кўрсатмалар берилди. Республика ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятидаги ўрганишлар давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА