Ишчи гуруҳ фаолиятидан аҳоли мамнун
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилояти Хонқа тумани Дургадик маҳалласида оммавий қабул ўтказди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан мулоқотлар натижасида суриштирув ё дастлабки тергов ҳаракатларидан норози 63 нафар мурожаатчининг масаласи ҳал этилди. 12 нафар собиқ ходим яна тизимга ишга тикланди.

– Бундан роппа-роса 16 йил олдин худди мана шу куни бизни ноҳақ туҳмат орқали қамоққа олишган эди, –дейди ИИБ ходими Худойшукур Қурбонов. – Адолат, ҳақиқат бор экан. Яқинда судда оқландик бугун эса ички ишлар вазири бизни яна қайта ишга тиклади. Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан.

Шунингдек, Ички ишлар вазири томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, 80 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг мурожаатлари асосида 231 миллион сўм моддий ёрдам, шу жумладан, олий ўқув юртларида ўқиб шартнома-тўлов пулини тўлашга қийналган 44 нафар ёшларга жами 145 миллион сўм пул, 4 нафар фуқарога ногиронлар аравачалари ва эшитиш мосламаси ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 16 нафар фуқароларга субсидия асосида тикув машиналари топширилди. Турли соҳаларда ҳунар ва билимга эга бўлган, даромад топишга қодир, аммо моддий кўмакка эҳтиёжи бор фуқароларнинг 24 нафарига мотороллер ва мотокультиваторлар, ўсимликларга дори сепиш ҳамда ўт ўриш аппаратлари, компьютер жамланмаси, пишириқ печлари ва дурадгорлик дастгоҳлари ажратиб берилди.

Давлатимиз раҳбари фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимизнинг 4 нафарига ID карталар топширилди.
Хивалик Одилбек Худойберганов оилавий корхонаси учун олган 2 миллиард 179 миллион сўм кредитни тўлаётган бўлса-да, банк ва таъминотчи хориждан қўлқоп ишлаб чиқариш ускуналарини тўлиқ етказиб бермаганидан шикоят қилди. Мурожаатдан сўнг мазкур масала Бош прокуратура назоратига олинди.

Қабул жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан жами 364 нафар фуқаролар қабул қилинди. Қорақалпоғистонлик Шайдо Нуралиева аввалги мурожаатлари асосида куни кеча турмуш ўртоғи Ҳусниддин Нуралиевга оқлов ҳукми чиқарилгани учун Олий суд масъулларига миннатдорлик билдирди.

– Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланаётганини мана шу ҳолатда жуда сездим, – Шайдо Нуралиева. – Эримга бўлган ноҳақликни юзага чиқариш учун Олти йилдан буён сарсон бўлиб юрган эдик. Мана бугун ўша ҳақиқат қарор топди. Президентимизга, олий суд раҳбарига оиламиз номидан миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Солиқ қўмитаси масъулларига мурожаатидан сўнг урганчлик тадбиркор Ойбек Бекчановга нотўғри ҳисобланган 1 миллиард сўмдан зиёд қўшилган қиймат солиғи қайтариладиган бўлди.

– Бизнинг корхонамиз йилига 30 минг тонна чигитни қайта ишлаб ёғ ва омихта ем маҳсулотларини ишлаб чиқаради, – деди тадбиркор Ойбек Бекчанов. – Яқинда хориждан 19 юк ташиш транспортларини сотиб олдим. Контрагентларимнинг солиқ билан муаммолари борлиги туфайли мен ҳам солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчилар рўйхатига тушиб қолдим. Натижада қўшилган қиймат солиғидан менга қайтарилиши белгиланган қўшилган қиймат солиғи маблағлари қайтмади. Мен бугун Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари қабулида бўлдим ва улар менинг солиқ тўловчи сифатида тарихимни ўрганди. Менга ўша маблағ бир куннинг ўзида қайтариб бериладиган бўлди. Жуда хурсандман.

Оммавий қабулда кўриб чиқилган 1 минг 164 масаланинг 331таси жойида ҳал қилиниб, 262 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 571 мурожаат назоратга олинди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА