Қиш дастурхони тўкин бўлади
Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш ва баҳор мавсуми учун захирага ғамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қиш ва баҳор мавсуми учун захирага ғамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Қорақалпоғистон Республикасида 2015-2016 йил қиш-баҳор мавсуми учун 37 минг 768 тонна асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирага ғамлаб қўйилди. Бу муҳим вазифа тайёрлов корхоналари томонидан 1 минг 90 фермер хўжалиги билан тузилган шартнома асосида амалга оширилди. Бунинг учун уларга тижорат банклари томонидан 360 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳамда 701 миллион сўм нақд пул берилди.
Қиш ва баҳор ойларида бозорларимиз тўкинлиги ва дастурхонларимиз мўл-кўллигини таъминлаш мақсадида Элликқалъа туманида ҳам полиз ва мева-сабзавот маҳсулотларини жамғариш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Туманда 2 минг 839 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш режалаштирилган, шу кунга қадар 2 минг 560 тонна захира жамланди. Уларнинг 350 тоннаси замонавий музлатгичларда, 113 тоннаси ижтимоий тармоқларнинг озиқ-овқат омборхоналари ва 127 фермер хўжалиги ҳамда савдо корхоналарининг махсус қўйилма жойларида сақланмоқда.
Тумандаги “Одамбой-Салават” фермер хўжалигида етиштирилган 120 тонна олма, 30 тонна нашвати, 20 тонна узум, 30 тонна полиз маҳсулоти, 10 тонна картошка жорий йилда қуриб битказилган музлатгичда сифатли сақланмоқда.
– Асосан боғдорчиликка ихтисослаштирилган кўп тармоқли хўжалигимизда бу йил мўл ҳосил етиштирилди, – дейди “Одамбой-Салават” фермер хўжалиги раҳбари Салават Отабоев. – Қиш мавсумига дармондорига бой олма, беҳи, узум, шунингдек, полиз ва сабзавот маҳсулотлари ҳамда картошка ғамлаб қўйдик. Мақсадимиз ҳамюртларимиз дастурхонини қишда ҳам арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш.
Хўжаликда бу йил 46 гектар майдонда интенсив боғ яратилган. Хўжалик даласида етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлайдиган замонавий консерва цехи ҳамда 300 тонна сиғимга эга музлатгич қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Эрта баҳордан ишга туширилиши мўлжалланаётган консерва цехида 20 нафар ёш иш билан таъминланади.
Айни пайтда хўжаликда кузги боғ парвариши жадал олиб борилмоқда. Агротехника қоидалари асосида дарахтларга шакл берилиб, таги юмшатилмоқда, минерал ўғитлар билан озиқлантирилмоқда. Бу келгуси йил ҳосили учун пухта замин яратади.