Иродали жамоа ғалаба қозонади
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионатларида мунтазам равишда қатнашиб келадиган мамлакатимизнинг икки клубидан бири – Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мусобақалардаги тарихий 1000-учрашувини Cуперлиганинг 12-тури доирасида Тошкентда Олмалиқнинг “ОКМК” клубига қарши ўтказди.
Муросасиз ва ҳужумкор руҳда кечган беллашувда “Лочинлар” ўйин бошидаёқ устунликни ўз қўлларига олишга интилди. 8-дақиқада миллий терма жамоамиз аъзоси Русланбек Жиянов рақиб жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба йўллаб, “Навбаҳор”нинг миллий чемпионатлардаги юбилей – 1600-голига муаллифлик қилди.

Темур Кападзе шогирдлари 31-дақиқада терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Ҳусайн Норчаев чиройли тарзда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “Навбаҳор”ни танаффусга устунлик билан чиқишини таъминлади.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳам шиддатли рақобат давом этди, ҳар икки жамоа ўйинчилари ташаббусга эга бўлиш мақсадида олдинга интилди. Кўп ҳолларда ҳимоячилар ва дарвозабонлар яхши ҳаракат қилди.

Бироқ учрашувнинг охирги ўн дақиқаси ва қўшиб берилган вақтларда вазият тамомила ўзгарди. Ўзига қулай имкониятларни йўққа чиқарган “Навбаҳор” тайёр ғалабани бой берди. Сўнгги лаҳзаларда “Лочинлар”да зафар қучиш учун қатор хавфли вазиятлар вужудга келди. Ҳусайн Норчаев ва Асадбек Раҳимжоновнинг қулай ҳолатларда йўллаган кучли зарбаларини рақиблар посбони Жавоҳир Илёсов қайтаришга эришди.

Футболдаги “Сен урмасанг, сенга уришади”, нақли ушбу учрашув охирида яна бир карра намоён бўлди. “ОКМК” клубининг япониялик легионери Арихиро Сентоку қўпол хато қилган “Навбаҳор” дарвозабони, терма жамоамиз аъзоси Ўткир Юсуповнинг устидан тўпни ошириб, 3:2 ҳисобидаги ғалаба голини урди. Шу тариқа, “Навбаҳор” тарихий ўйинида мухлисларга ютуқ тортиқ этолмади.
Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, “Навбаҳор” миллий чемпионатлар тарихидаги ўзининг 1000-ўйини давомида ҳозирга қадар 460 бор ғалаба қозониб, 220 дуранг қайд этиб, 320 марта мағлубиятга учраган. Наманганликлар рақиблар дарвозасига 1 минг 601 та гол уриб, ўз дарвозасидан 1 минг 155 та тўп ўтказиб юборган ва жами 1 минг 600 очко жамғарган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.