Ирода ва тенглик марафони: Гулистонда инсон қадри улуғланди
Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган ижтимоий ислоҳотларнинг бош мезони — ҳар бир фуқарога ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг жисмоний имкониятидан қатъи назар, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишини таъминлашдан иборат.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш биз учун нафақат вазифа, балки муқаддас бурчдир. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш орқали биз жамиятимизнинг маънавий қудратини намойиш этамиз”. Ана шу олижаноб ғоялар ифодаси сифатида, Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази — Гулистон шаҳрида “Инсон учун” шиори остида ўтказилган инклюзив югуриш марафони бағрикенглик ва меҳр-мурувватнинг чинакам намойишига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу марафон соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга, жамиятда инклюзивлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилди. Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ногиронлиги бўлган иштирокчилар кўнгиллилар билан елкадош бўлиб, белгиланган масофани биргаликда босиб ўтди. Бу манзара жамиятда ҳеч ким назардан четда қолмаслигини, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишини амалда кўрсатди.
[gallery-28668]
Марафонда 300 нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар билан бир қаторда, минг нафарга яқин талабалар, нуронийлар ва спорт ишқибозлари қатнашгани Сирдарё аҳлининг бунёдкорлик ва бирдамлик руҳидан далолат беради.
Тиббиёт мутахассисларининг фикрича, бу каби оммавий спорт тадбирлари нафақат ижтимоий, балки юксак биологик аҳамиятга ҳам эга. Невропатолог Аҳрор Йўлжўраев таъкидлаганидек, мунтазам жисмоний фаоллик юрак-қон томир касалликлари хавфини 20 фоизга камайтириб, асаб тизими ва мия фаолияти учун бебаҳо фойда келтиради. Зеро, Президентимиз илгари сурган: “Соғлом миллат — соғлом келажак пойдеворидир” деган тамойил бугун ҳар бир хонадонга, ҳар бир шаҳарга кириб бормоқда.
Марафон якунида 21 нафар совриндорнинг пул мукофотлари ва медаллар билан тақдирланиши эса инсон иродасининг зафари сифатида барчага катта куч ва илҳом бағишлади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Гулистонда ўтказилган мазкур ижтимоий ҳаракат шунчаки спорт беллашуви эмас, балки "Тенг имкониятлар" ғоясининг ҳаётий ифодаси бўлди. Бу каби хайрли ташаббуслар жамиятимизда меҳр ва оқибат ришталарини янада мустаҳкамлайди. Президентимиз айтганларидек: “Биз барчамиз бир бўлиб, ҳар бир инсон ўзини бахтли ҳис этадиган адолатли жамият барпо этамиз”. “Инсон учун” марафони Сирдарё заминида ана шу улуғ мақсад сари ташланган муҳим ва қатъий қадам бўлиб қолди.
Ғулом Примов, Достон Қаландаров ЎзА мухбирлари