Ирландия ҳукуматига нисбатан иддао (+видео)
Ирландия айни пайт жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик кўряпти. Интернет ва ижтимоий тармоқ орқали ҳукумат ўз қарашига мос келмайдиган шахслар номзод сифатида майдонга чиқишига тўсқинлик қилаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда. Бу ҳақда Evronews маълум қилган.
Фақат уч нафар номзод расман рўйхатга олингани 1990 йилдан буён кузатилган президентлик сайловида энг кам даъвогар қатнашаётган ҳолат ҳисобланади. Шунга асосланиб, баъзи видеолавҳаларда ҳукумат фуқаролар ҳуқуқини чеклаётгани, номзодлар рўйхати сунъий равишда қисқартирилаётгани иддао қилинган.
Бунга жавобан мамлакат Сайлов комиссияси президентликка номзод кўрсатиш тартиби бўйича аниқ ҳуқуқий механизм мавжудлигини билдирган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат раҳбарлигига даъвогар қуйидаги шарт асосида кўрсатилиши мумкин: Ирландия фуқароси бўлиши, 35 ёшдан ошиши, камида 20 нафар парламент аъзоси томонидан маъқулланиши ёки ҳеч бўлмаганда тўрт маҳаллий ҳокимият идораси номидан илгари сурилиши. Шунингдек, бир муддат фаолият юритган амалдаги президент ҳам номзодини мустақил равишда қайта кўрсатиши мумкин.
Сайлов комиссияси таъкидлашича, 24 сентябрь куни якунланган номзод кўрсатиш жараёнида ҳукумат томонидан ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаган. Қолаверса, ижтимоий тармоқда “ҳукумат” ва “парламент” тушунчалари ноўрин чалкаштирилаётгани таъкидланди. Парламент аъзолари мустақил равишда қарор қабул қилади, уларнинг фикри ҳукуматнинг қарашини тўлиқ акс эттирмайди.
Аввалроқ, таниқли спортчи Конор Макгрегор ҳам етакчиликни қўлга олиш учун сайловда қатнашиш ниятини эълон қилганди. Сентябрь ойи охирига келиб, у оиласи билан маслаҳатлашган ҳолда, фикридан қайтганини билдирди.
Демак, ҳукумат номзодлар йўлига тўсиқ қўйгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва асоссиз ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VL8iExYvuTg" title="Irlandiya hukumatiga nisbatan iddao" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА