Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу тадбирда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Унда масъуллар қайд этганидек, бу каби очиқ мулоқотлар тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат ва бизнес ўртасидаги самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, соҳада мавжуд муаммоларни тўғридан-тўғри мулоқот орқали ҳал этиш инвестициявий жозибадорликни ошириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан соҳада учраётган муаммолар, амалий таклифлар ва ташаббуслар билдирилди. Шунингдек, таълим инфратузилмасини яхшилаш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини кенгайтириш ҳамда талабалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари учун турар жой биноларини ташкил этиш мақсадида ер майдонлари ажратиш ва имтиёзли кредит линияларини йўлга қўйиш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, моддий-техника базаси эскирган ва узоқ вақт фойдаланилмаётган давлат таълим муассасалари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини тадбиркорларга ишончли бошқарув асосида бериш масалаларига урғу берилди.
Учрашувда нодавлат таълим ташкилотларида таълим сифати ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, талабалар турар жойларини қуриш учун хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда амалий чоралар кўриш учун тегишли вазирлик ва идораларга юборилиши маълум қилинди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА