Иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 31 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига келди.
“Манас” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бир қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Келгуси йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Барча даражаларда алоқалар изчил мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги тизимли стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон “ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлаши қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашди. Келгусида унинг янада ўсишига ишонч билдирилди.
Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилди. Шу мақсадда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давом эттирилади.
Амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари белгиланди. Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларидаги “ўсиш нуқталари” кенгайтирилади.
Технологик шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилди. Ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалари қўллаб-қувватланди.
Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат зоналарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишда янада фаол иштирок этиш таклиф қилинди.
Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уларнинг мамлакатимиздаги лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. Ўзбекистон анъанавий ва муқобил энергетика соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаол ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари Хитой провинциялари билан фаол ҳамкорлик қилиб, кўпгина қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Май ойида Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлар форуми бўлиб ўтди.
Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш ишлари самарали давом эттирилмоқда. Мазкур йўналиш Евроосиё транспорт экотизимининг муҳим бўғинига айланиши ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришига ишонч билдирилди.
Музокаралар давомида туризм ва гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Визасиз тартиб амал қилмоқда, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва парвозлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган. 2027-2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилди.
Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этган. “Лу Бань устахоналари” ва Конфуций институтлари фаолияти ҳамда ҳудудларда қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш ишлари давом эттирилади.
Хитой тилини ўрганишни, олий таълим муассасалари ўртасидаги таълим дастурларини янада кенгайтириш ҳамда юртимиз ёшларининг Хитойда таҳсил олиши учун квоталарни оширишдан манфаатдорлик билдирилди.
Космосни ўзлаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайд этилди.
“Хитой – Марказий Осиё” форматидаги минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш ва унинг келгуси йилда Хитойда бўлиб ўтадиган учинчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти Хитой Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошди.
Саноат, энергетика, металлургия, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда.
Ўзаро савдонинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини жадаллаштириш, шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги фаол маданий-гуманитар алмашинувларни келгусида ҳам кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар икки томонлама ва кўп томонлама форматлардаги бўлажак тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити тадбирлари доирасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Бош котибнинг ташкилот тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашини айтди.
Фаол мулоқот ва ўзаро ташрифлар ҳамда Ўзбекистоннинг БМТнинг сайланадиган органлари фаолиятидаги иштироки кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилинди.
Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда катта ютуқларга эришаётганини олқишлади. Бу борадаги ҳамкорликни янада фаол давом эттиришга тайёрлик тасдиқланди.
Суҳбат давомида халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак қўшма тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди.
Учрашув аввалида Сержио Гор давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан самимий табриклади ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларнинг ижобий суръати ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг изчил кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Устувор йўналишларда, жумладан, энергетика, транспорт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
“С5+1” формати доирасида бўлажак тадбирларга ҳамда Ўзбекистон-Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Покистонни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилаётгани билан самимий табриклади.

Жорий йилнинг февраль ойида Исломободга амалга оширилган тарихий ташриф ва бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар муносабатларимизни янги сифат босқичига кўтаргани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика бўйича ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш борасида фикр алмашилди.
Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорлик ва гуманитар йўналишдаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда Хива шаҳрида Ҳудудлараро форум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳамда Покистонда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларини ташкил этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Тўқимачилик, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим соҳалардаги лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрига ташрифи доирасида VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

“Бишкек-Арена” стадионида бўлиб ўтган тадбирда ШҲТ давлатлари раҳбарлари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Мусобақаларда 90 дан ортиқ мамлакатдан 3 мингдан зиёд спортчи, жумладан, Ўзбекистондан 141 нафар вакил иштирок этмоқда. Юртдошларимиз 30 та спорт тури, хусусан, кураш, самбо, армрестлинг, камондан ўқ отиш, от спорти бўйича беллашадилар.
Иштирокчиларга кўчманчи халқларнинг бой маданияти ва тарихи, анъана ҳамда урф-одатларига бағишланган театрлаштирилган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига амалий ташрифи давом этмоқда.
ЎзА