Иқтидорли ёшлар билан очиқ мулоқот
Ёшлар ишлари агентлигида иқтидорли ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2024 йил декабрь ойида “Ёшлар форуми-2024” лойиҳа ва тадбирлари ўтказилган эди.

Мазкур форум доирасида “yoshlarforumi.uz” электрон платформаси орқали ёшлар томонидан 17 та йўналиш бўйича жами 3 минг 598 та таклиф юборилди.
Ёшлар томонидан билдирилган 1 минг 777 та таклиф кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама натижаларига кўра, таклифларга 9 минг 864 та ижобий ҳамда 4 минг 770 та салбий муносабат билдирилди.

Шунингдек, тадбирда ёшлар томонидан турли йўналишларда, жумладан, спорт-саломатлик, экология, фан-таълим, бандлик ҳамда ҳуқуқий-саводхонлик бўйича таклиф ва муаммолар ўртага ташланди.

Билдирилган таклифларнинг 13 таси жойида ҳал этилиб, қолган 34 тасининг ижроси муддат талаб қилгани, молиявий масалаларга боғлиқлиги сабабли тегишли ташкилотларнинг “Йўл хариталари"га киритилди.
Очиқ мулоқот якунида энг яхши таклиф билдирган ёшлар Агентлик томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА