“Иқлим учун 10 минг қадам” пиёда юриш марафони ўтказилди
Бугун атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш инсоният олдидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Бу йўлда катта ўзгаришлар, аввало, инсоннинг ўзидан, унинг ҳаёт тарзи ва экологик маданиятидан бошланади. Жиззах вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари иштирокида ўтказилган “Иқлим учун 10 минг қадам” пиёда юриш марафони ана шу эзгу ғояларнинг амалий ифодаси бўлди.
“10 минг қадам пиёда” акцияси доирасида ташкил этилган тадбир Президентимизнинг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Тонгнинг мусаффо ҳавоси, табиатнинг сокин нафаси бағрида бошланган марафон иштирокчиларга нафақат тетиклик, балки юксак кайфият ҳам улашди. Экология тизими ходимлари ҳар бир қадамда табиатга эҳтиром, соғлом ҳаётга интилиш ва келажак олдидаги масъулият туйғусини намоён этдилар. Зеро, инсон саломатлиги ҳам, атроф-муҳит мусаффолиги ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

— Бугунги шиддатли ҳаётда жисмоний фаоллик инсон саломатлигининг муҳим омилидир. Шу билан бирга, пиёда юришни тарғиб қилиш ва автотранспорт воситалари ҳаракатини камайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мумкин, — дейди Жиззах вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бунёд Эгамов.

Дарҳақиқат, бир қарашда оддий туюлган пиёда юришнинг ўзи ҳам экологик маданиятнинг муҳим кўринишидир. Чунки ҳар бир пиёда босилган қадам — тоза ҳаво, соғлом ҳаёт ва яшил келажакка қўшилган муносиб ҳиссадир.
Марафон давомида иштирокчиларнинг кўтаринки руҳи, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва фаоллиги барчада катта таассурот қолдирди. Ҳар бир юракда табиатга меҳр, ҳар бир нигоҳда эса эртанги кунга ишонч акс этди.

“10 минг қадам пиёда” акцияси барчани соғлом турмуш тарзи ва экологик масъулият сари чорлайди. Зеро, табиат тақдирига бефарқ бўлмаган инсонгина келажак олдидаги бурчини чуқур англайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари