Иқлим синовидан ўтаётган боғдорчилик
Иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланиши ва қишлоқ хўжалигида ресурслардан оқилона фойдаланиш масаласи бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё учун устувор вазифалардан бирига айланди. Ана шундай шароитда анъанавий ёндашувларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш қишлоқ хўжалиги самарадорлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан саналмоқда.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида амалга оширилаётган “Барқарор тижорат боғдорчилиги учун аниқ қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси айнан шу мақсадга хизмат қилаётган амалий ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ADB) молиявий кўмагида, FAO (Food and Agriculture Organization — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) ҳамда ISCAD (International Strategic Center for Agri-Food Development – Агро-озиқ-овқатни ривожлантириш бўйича халқаро стратегик марказ) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади аниқ деҳқончилик технологиялари ва иқлимга мос агротехнологияларни жорий этиш орқали фермер хўжаликларининг сув танқислиги ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларга бардошлилигини кучайтиришдан иборат.
Бугун қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш учун ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли ечимларни кенг қўллаш ҳамда инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш устувор аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур лойиҳа нафақат Бахмал тумани, балки бошқа ҳудудлар учун ҳам муҳим тажриба майдони вазифасини бажармоқда.

Лойиҳада иштирок этиш учун 124 нафар иштирокчи саралаб олинган бўлиб, эътиборлиси, уларнинг 75 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу эса аграр соҳада хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида FAO экспертлари ҳудуддаги 15 та боғ ва 20 та деҳқон хўжалигида ўрганиш ишларини амалга оширди. Таҳлиллар маҳаллий шароит, фермерларнинг эҳтиёжлари ҳамда мавжуд муаммоларни ҳар томонлама баҳолаш имконини берди. Ўрганишлар натижасида сув танқислиги Бахмал боғдорчилигидаги энг долзарб муаммо экани яна бир бор тасдиқланди.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа доирасида сув тежовчи ва юқори самара берадиган технологияларни кенг жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, томчилатиб ва ақлли суғориш тизимлари, қуёш энергиясида ишловчи ускуналар, юқори зичликдаги экиш технологиялари, совутиш омборлари, аниқ деҳқончилик усуллари, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги ҳамда ўсимликларни интеграциялашган ҳимоя қилиш бўйича амалий тренинглар ташкил этилади.

Бундай ёндашув сув сарфини камайтириш билан бирга, энергия тежамкорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва ҳосил сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, фермерлар иқлим ўзгариши шароитида қарор қабул қилишда замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлади.
Мутахассислар қайд этаётганидек, интенсив технологияларнинг афзалликлари ҳосилдорлик кўрсаткичларида ҳам яққол намоён бўлади. Масалан, анъанавий олма боғларида гектарига 8–12 тонна ҳосил олинса, интенсив боғларда бу кўрсаткич 25–40 тоннагача етиши мумкин. Бу эса ер майдонидан самарали фойдаланиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва рақобатбардошликни оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Кутилаётган натижалар ҳам аниқ белгиланган. Мазкур натижалар сувдан янада самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот йўқотишларини қисқартириш ҳамда фермер хўжаликларининг иқлим хавфларига бардошлилигини мустаҳкамлашни қамраб олади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ташаббус қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгариши шароитига мослаштириш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва юқори самарадорликка эришиш йўлидаги муҳим амалий қадамдир. Бу тажрибанинг бошқа ҳудудларда ҳам кенг татбиқ этилиши аграр соҳада барқарор ўсишни таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва мамлакатимиз боғдорчилигининг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири