Иқлим ўзгариши Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммо
Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) қум ва чанг бўронларини одатда ўсимлик қоплами чекланган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда содир бўладиган хавфли атмосфера ҳодисаси сифатида таърифлайди.
БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференциясининг (COP 16) 16-сессияси доирасида “Ўзбекистонда қум ва чанг бўронлари: оқибатларини тушуниш ва уларни юмшатиш учун атмосферани моделлаштириш” ҳисоботи тақдим этилди.
Тадқиқот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилди. Ҳисобот FOLUR лойиҳаси доирасида Қуруқ ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) томонидан тайёрланган.
– Ўзбекистон атмосферада чангнинг юқори концентрацияси ва қум бўронларига дуч келмоқда, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. – Бу айниқса, қурғоқчил ва сувсиз ҳудудларда жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мазкур ҳодисалар ҳаво сифатига салбий таъсир қилади, экинлар ва инфратузилмага зарар етказади ҳамда саломатлик учун жиддий хавфларни, жумладан, нафас олиш муаммолари ва ҳаёт сифатини пасайтиришга олиб келади. Иқлим ўзгариши Ўзбекистон учун ҳам долзарб муаммо бўлиб, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, аҳоли саломатлиги ва табиий офатлар хавфини бошқариш каби муҳим соҳаларга катта таъсир кўрсатади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳисоботда Ўзбекистондаги чанг ҳодисаларининг тафсилотлари ҳар томонлама таҳлил қилинган, унинг оқибатларини табиий ечимлардан фойдаланган ҳолда юмшатиш бўйича чора-тадбирлар таклиф этилган ва ушбу муаммони ҳал қилиш сенарийлари кенг очиб берилган.
Тадқиқот чангни бартараф этиш жараёнларини моделлаштириш, шунингдек, ер қопламининг таъсирини баҳолаш учун қўлланиладиган RAMS/ICLAMS илғор атмосферани моделлаштириш тизимига асосланган. Тизимда чанг манбалари, ўсимликлар ва минтақавий об-ҳаво шароитлари ўртасидаги мураккаб ўзаро таъсирлар ҳақида қимматли маълумотлар берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА