Ипакчилик – миллий қадриятга айланган тармоқ
Сурхондарё вилоятида етиштирилган пилла хом ашёси уюшқоқлик билан териб олиниб, қабул шохобчаларига топширилмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан бири ипакчиликни ривожлантириш учун пиллакорлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилаётир. Соҳанинг озуқа базасини мустаҳкамлаб, пишиқ толали хом ашё етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, ипак саноатда муҳим ўринга эга хом ашё. У нафақат тўқимачилик, балки юқори технологияли соҳаларда унумли ишлатилади. Жаҳон бозорида ҳам сифат кўрсаткичлари юқори пишиқли ипак толасига эҳтиёж ортиб бормоқда. Жумладан, замонавий саноатнинг тиббиёт ва биомуҳандислик соҳаларида биологик мослашувчан пишиқ ипак толасидан жарроҳлик иплари ва тиббий материаллар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Юқори мустаҳкамлик талаб этадиган махсус техник матолар масалан, парашют ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланилади. Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатида ипак толасидан атлас, адрас каби юқори сифатли бежирим матолар ишлаб чиқарилади. Юртимизда ипакчилик фақат даромад манбаи эмас, балки элимизнинг фидокорона меҳнатини намойиш этадиган миллий қадриятга айланган. Бу соҳа азалдан халқимизнинг сабрлилик, меҳнатсеварлик, масъуллик каби фазилатларини улуғлаган. Аждодларимиз пилладан оладиган даромадининг юқори ва қадрлилигини кўрсатиш учун уни тиллога ҳам менгзаган.

Жанубдаги воҳа ипак қуртини парваришлаб, мўл ҳосил олиш учун қулай иқлим, етарли озуқа базаси ва бой тажрибага эга. Соҳада оилавий ипак қурти боқиб, қўшимча даромад топишнинг ҳадисини олган тажрибали пиллакорлар сулоласи меҳнат қилади.
Шу кунларда вилоятдаги узоқ-яқин маҳаллаларда бўлсангиз, пиллакор оилалар қўни-қўшнилари билан ҳосилни қалбида қувонч, юзида севинч билан йиғиб олаётганига дуч келасиз. Тунни кунга улаб қилган машаққатли ва шарафли меҳнатининг самарасидан ҳузурланаётганини кузатасиз.

Бу йил Музработ тумани пиллакорлари 2 минг 754 қути ипак қуртини меҳр билан парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Шу кунларда етиштирилган хом ашёни йиғиб олиш қизғин давом этмоқда. Мавсумда 165 тоннадан ортиқ сифатли тола топширишни мўлжаллаётган пиллакорлар тез кунларда режани ортиғи билан бажаришга бел боғлаган.
Ангор туманида ипак қурти парваришлашда катта тажриба тўплаган моҳир пиллакорлар бор. Зартепа маҳалласида яшайдиган Шаҳноза Холмирзаева ҳам ипак қурти боқиб, мўл ҳосил олишда танилган тажрибали пиллакор. Меҳнаткаш пилла етиштирувчи аёл турмуш ўртоғи билан мавсумда 15 қути ипак қуртини парваришлади. Баҳорнинг серёғин кунлари ҳам туни билан ипак қуртларини меҳр билан озиқлантириб, тез ривожланишига қулай муҳит яратди. Туманда биринчилардан бўлиб, ҳосилни йиғиштириб олишни бошлади.

– Мавсум бошидан буён пилла қабул қилиш масканига 400 килограммдан ортиқ сифатли хом ашё топширдик, – дейди моҳир пиллакор Шаҳноза Холмирзаева. – Яна беш юз килограммга яқин пилла етказиб беришни мўлжаллаяпмиз. Бу оиламизга қўшимча даромад бўлади.
Жорий йил илк мавсумда ангорлик пиллакорлар 3 минг 58 қути ипак қуртини боқиб, 184 тонна ҳосил олишни кўзда тутмоқда.

Вилоятнинг Бандихон туманидаги 432 хонадонда 966 қути пилла етиштирилди. Ипак қурти парваришида икки минг хотин-қиз банд бўлди. Шу кунларда бандихонлик пиллакорлар ҳам ҳосилни тез, сифатли йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 58 тонналик момиқ хирмон яратиш учун аҳиллик билан меҳнат қилмоқда.
Шу кунларда вилоятнинг Жарқўрғон, Қумқўрғон, Қизириқ, Термиз каби туманларида ҳам тайёр бўлган хом ашёни пешма-пеш йиғиб олиб, қабул шохобчаларига топшириш давом этмоқда. Бу жараёнда ипак қурти боқувчилари рағбатлантирилиб, илғор пиллакорларга совғалар топширилаётгани уларнинг соҳага қизиқишини янада оширмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йил Сурхондарё вилоятида 39 минг 66 қути ипак қурти парваришланди. Пиллакорлар ипак қурти боқишнинг биринчи мавсумида қабул шохобчаларига 2 минг 344 тонна пишиқ толали пилла топширади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири