«Ипак йўли дурдонаси» ёшлар нигоҳида
28 сентябрь – 3 октябрь кунлари бўлиб ўтган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивалининг мақсади кино санъатига дадил қадамлари билан кириб келаётган ёшларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашдир. ЎзА мухбири халқаро фестивалда иштирок этган айрим ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Ваня Тогнола(швейцариялик режиссёр:

–«Ипак йўли дурдонаси» XIII Тошкент халқаро кинофестивали ҳаётимда зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қоладиган бўлди. Беш кун менинг учун унутилмас лаҳзаларга бой ўтди. Тожикистон ва Жанубий Корея Республикаларидан ташриф буюрган дўстларимизнинг ижодий ишлари,ўзбекистонлик ёш режиссёрлар ҳамда актёрларнинг ҳужжатли фильмлари менга ёқди.
Ҳакамлар бизнинг ижодий ишларга алоҳида эътибор берди. Камчилик ва ютуқларимизни рўй-рост айтишди. Асосли танқид қилди. Энг муҳими, ҳеч ким бундан хафа бўлмади. Чунки беш кун давомида қайси жанрда бўлса ҳам мукаммал картина яратиш қийин. Натижалар ҳам, ғолиблик ҳам нисбий. Муҳими, дўстлар орттирдим. Ўзим учун Ўзбекистонни янгидан кашф кашф этдим. Фестивалда ижодий жамоамиз билан тақдим этган картинамиз сценарийси ҳакамлар томонидан алоҳида номинация билан тақдирланди. Ҳар йили ўтказилиши айтилаётган бу фестивалга келаси йили ҳам келишга, яхши тайёргарлик кўриб, бош совринни олишга ҳаракат қиламан.
Жанна Бекмамбетова(қозоғистонлик режиссёр):

–Зиёли оилада таваллуд топганим учун уйимизда доим дурдона санъат асарлари сақланган. Ўзбек классик киноларидан бир нечтасини кўрганман. Ўзбекистонда анимацион фильмлар яратиш бугун қай даражада билмадиму, аммо ёшлар орасида аниматорликка қизиқувчилар кўпчиликни ташкил қилар экан. Ўзбек ёшларининг ижодим билан таниш эканлиги, турли саволлар бериб мени шошириб қўйганлигидан хурсанд бўлдим. Маҳорат дарслардан сўнг ўзим ишлаган «Чик-чирик» қисқа анимацион картинамни томошабинларга тақдим этдим. Бу кенг жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди.
Картинада акс этган воқеа бувимнинг бошидан ўтказган кечмишларидир. Бувим болалигимда бобомнинг урушга кетганини ўзгача ҳаяжон билан сўзлаб берарди. Соғинч ва ҳаётнинг паст-баланди ҳақида ҳикоя қиларди. Мен анимацион фильмимда бувим сўзлаб берган воқеаларни акс эттирганман. Аёл соғинчини ифодалашга ҳаракат қилганман.
Фестивалда камчиликлар бўлмади, деёлмайман. Кейинги сафар буларга йўл қўйилмайди, деган умиддаман. Умуман олганда, фестиваль жуда баланд кайфиятда, кўтаринки руҳда ташкиллаштирилган.
Дурдона Расулова (тожикистонлик журналист):

–Ўзбекистон менга бегона эмас. Динимиз бир, тилимиз ва қадриятларимиз ўхшаш. Тожикистонда ўзбек киноларини севиб томоша қилишади. Ўзим журналист бўлганим учун Ўзбекистон ОАВсини мунтазам кузатиб бораман. Ўзбек журналистлари анча дадил, эфирга узатаётган кўрсатув ва эшиттиришлари ранг-баранг.
Халқаро фестиваль доирасида Фарғона ва Андижон вилоятларида «Тожикистон киноси кунлари» ўтказилди. Бизнинг бу ерда туриб ўзимиз ишлайдиган радиога материаллар тайёрлаб узатиш ва ижод қилиш учун барча имконият яратилди.
«Ёр-ёр», «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Мафтунингман», «Шум бола» каби кўплаб ўзбек ретро киноларини севиб томоша қиламан. Фестиваль доирасида тақдимоти ўтказилган «Бир кунлик тўй» комидек фильми ҳам менга манзур келди. Бундан ташқари, ўзбек ёш киноижодкорлари билан фикр алмашдим. Уларнинг қизиқишлари, орзулари ҳақида қизиқдим. Улар ишлаган ҳужжатли ва қисқа метражли картиналарни томоша қилдим. Тожикистонга қайтганимдан сўнг ушбулар ҳақида ўзим фаолият юритаётган Тожикистон ҳукумати қошидаги Телевидение ва радио қўмитаси «Овози тожик» радиосидаги чиқишларимда, албатта, эслаб ўтаман.
Дилобар Маматова ёзиб олди.