Инвестиция форуми мамлакатимизнинг иқтисодий нуфузи намоёнидир
Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми бизнес вакиллари учун иқтисодий платформа вазифасини ўтагани билан бирга, мамлакатимизнинг очиқлиги, ишончли ҳамкор сифатидаги нуфузини намоён этадиган муҳим майдон бўлди. Бу йилги форумда дунёнинг 100 та давлатидан 4 мингга яқин хорижий меҳмон иштирок этгани халқаро миқёсда Янги Ўзбекистон тараққиётига, ислоҳотларига бўлган ишончнинг ортаётганидан далолат.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Севара Убайдуллаева мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрлари ва муносабатини билдирди:
– Бугунги кунда дунё иқтисодиёти туб ўзгаришлар палласига кирди. Геосиёсий рақобатнинг кучайиши, глобал таъминот занжирларининг ўзгариши, савдо чекловлари, рақамли иқтисодиётнинг жадал суръатларда ривожланиши ҳамда «яшил» тараққиётга ўтиш жараёнлари ҳар бир давлатдан мутлақо янги ёндашувларни талаб этмоқда. Ана шундай мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда инвестиция учун рақобат ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат мамлакатимиз иқтисодий ҳаётидаги муҳим воқеа, балки янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига йўллаган муҳим сиёсий ва иқтисодий мурожаати сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимиз ушбу нуфузли форумда мамлакатимизнинг инвестиция сиёсати, саноат ривожи, транспорт-логистика, рақамли иқтисодиёт, «яшил» энергетика, сунъий интеллект ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тарихий аҳамиятга эга бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди.
Форумда 100 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 4 минг нафар инвестор, давлат арбоби, халқаро молия институтлари, трансмиллий корпорациялар ва бизнес доиралари вакилларининг иштирок этиши мамлакатимизга нисбатан халқаро ишончнинг сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Бугун Ўзбекистонга инвестиция киритиш фақат иқтисодий қарор эмас, балки ҳуқуқий барқарорлик, очиқлик ва узоқ муддатли тараққиёт стратегиясига ишонч билдиришдир. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизга жалб қилинган 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция, жумладан, 123 миллиард долларининг сўнгги беш йил ҳиссасига тўғри келиши ислоҳотлар самарадорлигининг энг ёрқин кўрсаткичи. Бу маблағлар фақат рақам эмас, улар янги корхоналар, технологиялар, касблар, янги иш ўринлари ва миллионлаб фуқаролар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни англатади.

Форумда илгари сурилган ташаббусларни таҳлил қилар эканмиз, уларнинг барчасини ягона ғоя – Ўзбекистонни юқори технологияли, рақобатбардош ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган иқтисодиётга айлантириш мақсади бирлаштириб турганини кўрамиз.
Англия ҳуқуқи асосидаги махсус режим, мустақил халқаро тижорат суди, халқаро экспертлар иштирокидаги арбитраж ва инвесторлар учун яратиладиган солиқ имтиёзлари мамлакатимизга узоқ муддатли капитал оқимини сезиларли даражада ошириши мумкин. Энг муҳими, бундай механизмлар маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам ҳуқуқий кафолатларни кучайтиради, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлайди ва иқтисодиётда ишонч муҳитини шакллантиради.
Президентимиз капитал бозори келажак иқтисодиётининг муҳим молиявий пойдевори эканини алоҳида таъкидлади. PO, еврооблигациялар, миллий инвестиция жамғармаси, сукук ва муқобил инвестиция фондлари бўйича илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимиз иқтисодиётини банк кредитларига ортиқча боғлиқликдан чиқариб, хусусий капитал ҳиссасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Бу эса келажакда кичик ва ўрта бизнес учун янги молиявий имкониятлар яратади, аҳолининг инвестиция маданиятини шакллантиради ва иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг табиий бойликлари улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Аммо Президентимиз белгилаб берган асосий вазифа – ушбу ресурсларни хомашё сифатида экспорт қилиш эмас, балки уларни чуқур қайта ишлаб, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат.
Бу саноатда технологик инқилобни бошлаб беради. Янги металлургия кластерлари, кимё саноати, фармацевтика, машинасозлик, робототехника ва электроника соҳаларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида юртимизда минглаб юқори малакали иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, экспорт ҳажми эмас, сифати ўзгаради.
Дунёда энергия ва технология учун рақобат кучайиб бораётган бир пайтда Президентимиз томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар стратегик аҳамият касб этади. Қуёш ва шамол энергетикасига сармояларни кўпайтириш орқали мамлакатнинг энергетик хавфсизлиги таъминланади, ишлаб чиқариш харажатлари камаяди ва экологик барқарорлик мустаҳкамланади.
Сунъий интеллект бўйича қабул қилинган Миллий стратегия ва «Беш миллион етакчи» дастури эса Ўзбекистон ёшларини тўртинчи саноат инқилоби иштирокчиларига айлантиришга хизмат қилади.
Президентимиз Хитой–Қирғизистон темир йўли, Трансафғон коридори ва Каспий орқали «Ўрта коридор» лойиҳаларининг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Бу ташаббуслар амалга ошса, Ўзбекистон нафақат ишлаб чиқарувчи мамлакат, балки Европа ва Осиёни боғловчи муҳим транспорт тугунига айланади. Бу эса ташқи савдо харажатларини қисқартиради, экспортни рағбатлантиради ва минглаб янги логистика хизматлари пайдо бўлишига замин яратади.
Президентимиз Янги Тошкент шаҳри, миллионли шаҳарлар концепцияси, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, туризм ва агросаноатни ривожлантириш бўйича белгилаб берган вазифаларнинг марказида ҳам инсон манфаати турибди. Янги уй-жойлар қурилиши, муҳандислик инфратузилмасининг янгиланиши, туризм хизматлари кенгайиши ва қишлоқ хўжалигида қайта ишлаш саноатининг ривожланиши миллионлаб юртдошларимиз учун янги даромад манбаларини яратади.
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар инсон манфаатига, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга ва Янги Ўзбекистонда муносиб ҳаёт сифатини таъминлашга қаратилган.
Кўпинча инвестициялар ҳақида сўз кетганда миллиардлаб доллар миқдоридаги маблағлар тилга олинади. Бироқ, мазкур рақамлар ортида оддий инсон тақдири, оила даромади, ёшларнинг келажаги ва мамлакатнинг барқарор тараққиёти мужассамлигини унутмаслигимиз лозим. Аввало, янги инвестициялар – бу янги иш ўринларидир. Мамлакатимизга жалб қилинаётган ҳар бир йирик сармоя замирида саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари, логистика марказлари, технологик парклар ва инфратузилма лойиҳаларининг барпо этилиши туради.
Бугунги кунда инвестицияларни жалб қилиш соҳасидаги рақобат фақат иқтисодий имтиёзлар билан эмас, балки қонун устуворлиги, хусусий мулк дахлсизлиги, суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллиги ва давлат институтларининг очиқлиги билан ҳам белгиланади. Шу маънода, Президентимиз томонидан инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган ташаббуслар парламент зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси олдида инвестиция фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштириш, капитал бозорини ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва «яшил» энергетика соҳаларидаги муносабатларни замон талаблари асосида тартибга солишга қаратилган қонунчиликни янада мустаҳкамлаш вазифаси турибди.
Айни пайтда парламентнинг вазифаси фақат янги қонунларни қабул қилиш билан чекланмайди. Қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётда тўлиқ ва самарали ишлаши, инвестиция лойиҳаларининг амалий натижалари, уларнинг аҳоли бандлиги, ҳудудлар ривожи, янги иш ўринлари яратилиши ва экологик барқарорликка қўшаётган ҳиссаси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса парламент фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА