"International Leadership Awards": тадбиркорлик, эътироф ва ҳамкорлик (+видео)
Бугунги кунда тадбиркорлик соҳасида янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, бизнес вакиллари ўртасида ўзаро тажриба ва ғоялар алмашинувини кучайтиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу эса маҳаллий тадбиркорларнинг янги ҳамкорлар топиши, инвестиция имкониятларини кенгайтириши ва халқаро бозорларга чиқиши учун муҳим замин яратмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар фаолиятни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий ҳамкорлар билан ишлаш учун кенг шароит яратмоқда. Шу билан бирга, халқаро ишбилармонлик учрашувлари турли соҳалардаги тадбиркорларни бирлаштириб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги майдон вазифасини ўтамоқда.
Шу каби тадбирлардан бири Тошкент шаҳрида "International Leadership Awards" лойиҳаси доирасида ташкил этилган ишбилармонлик форуми бўлиб ўтди Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Франция, Қирғизистон каби давлатлардан турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, компания ва лойиҳа асосчилари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорларнинг янги лойиҳаларни йўлга қўйиши, фаолиятини кенгайтириши ва хорижий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Тақдимотларда тадбиркорлик, молия, энергетика, тиббиёт, туризм, архитектура ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
– Ўзбекистонда илк бор бундай йирик халқаро тадбир ўтказилаётгани жуда қувонарли. Турли соҳаларда фаолият юритаётган етакчи тадбиркорларнинг бир жойга жамланиши янги ҳамкорликлар ўрнатиш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш учун катта имконият яратади.
Энг муҳими, бундай учрашувлар Ўзбекистон тадбиркорларининг халқаро бозорларга чиқиши ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу эса "Made in Uzbekistan" брендини жаҳон бозорида янада кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
2025 йил апрель ойида Андижон заргарлик кластерини ташкил этдик. Айни пайтда унда 60 га яқин тадбиркор фаолият юритмоқда. Асосий мақсадимиз заргарлик саноатини ривожлантириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини жаҳон бозорига олиб чиқиш.
Президентимиз томонидан заргарлар ва тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар соҳанинг ривожига катта туртки бермоқда. Биз ҳам ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, маҳсулотларимизни хорижий бозорларга экспорт қилишни мақсад қилганмиз.
Бугунги каби халқаро тадбирлар бу жараённи янада жадаллаштиришга хизмат қилади. Тадбиркорлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик қанча кўпайса, Ўзбекистон маҳсулотларини халқаро бозорларда танитиш учун шунча кўп имконият пайдо бўлади, – деди "Andijan Gold Center" кластери асосчиси Ирода Жаҳонгирова.
Тадбиркор Сабина Бекмуродованинг қайд этишича, бундай тадбирлар тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратади. Жумладан, улар янги ҳамкорлар топиш, тажриба алмашиш, ўз лойиҳаларини тақдим этиш ва келгусида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
– Ушбу тадбирда кўплаб тадбиркорларни бир жойга жамлаш ва уларни муносиб тақдирлашга муваффақ бўлинди. Бироқ тадбир бир марта ўтказиш билан чекланмайди. Келгусида уни йил давомида яна бир неча бор ташкил этиш ва шу орқали янада кўпроқ тадбиркорлар ҳамда соҳадаги лидерларни бирлаштириш кўзда тутилган.
Мен учун бу ерда иштирок этиш катта шараф. Тадбиркорлик фаолиятимни энди бошлаган бўлсам-да, мазкур тадбирда номинацияга сазовор бўлганим ва тақдирланганим келгусида янада ривожланишим учун муҳим рағбат бўлди.
Аёлларга, айниқса, ёшларга ўз бизнесини йўлга қўйишдан ва янги иш ўринлари яратишдан қўрқмасликни тилайман. Ҳатто битта-иккита иш ўрни яратишнинг ўзи ҳам мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссадир. Шу боис, доимо интилиш, фаол бўлиш ва ўз меҳнати билан эътироф этилишга ҳаракат қилиш муҳим, – деди тадбиркор Сабина Бекмуродова.
– Компаниямиз 1999 йилда Туркияда объектларни бошқариш ва комплекс муҳандислик хизматларини кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистонда ҳам компаниямиз фаолиятини йўлга қўйдик. Туркияда тўпланган билим ва тажрибамизни Ўзбекистондаги объектларга татбиқ этиш мақсадида иш бошладик. Ҳозирда Тошкентдаги “Trilliant”, “Pyramid Towers”, “Modera” ва “Nirvana” каби йирик лойиҳаларда комплекс объектларни бошқариш ва муҳандислик хизматларини кўрсатяпмиз. Шунингдек, компаниямиз Грузия, Косово, Кипр, Туркия ва Қозоғистонда ҳам фаолият юритмоқда.
Ўзбекистондаги фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштиряпмиз.
Бугунги тадбир биз учун жуда муҳим. Бизнес ривожига қизиққан ва бир мақсад атрофида бирлашаётган тадбиркорларнинг бир жойга жамланиши янги танишувлар ва ҳамкорликлар учун яхши имконият яратмоқда, – деди Туркиянинг "TSP" компанияси бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Жем Кадиўғли.
Форум доирасида тадбиркорлик, молия, энергетика, тиббиёт, туризм, архитектура ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилди. Очиқ мулоқот ва тажриба алмашинуви янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очди.
Тадбир якунида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Sm-FmausTtk" title=""International Leadership Awards": tadbirkorlik, e’tirof va hamkorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Ёқубжон Мелибоев,
Анвархўжа Аҳмедов (видео+монтаж), ЎзА