Интенсив боғлар – маъмурчилик омили
Бугун бозорларимизни айланган киши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сероблигини кўриб кўзи қувнайди. Саховатли заминимизда етиштирилган сархил мевалар ўзининг таъми, тўйимлилиги ва фойдали витаминларга бойлиги билан ажралиб туради.
Бугун бозорларимизни айланган киши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сероблигини кўриб кўзи қувнайди. Саховатли заминимизда етиштирилган сархил мевалар ўзининг таъми, тўйимлилиги ва фойдали витаминларга бойлиги билан ажралиб туради.Албатта, бу маъмурчилик Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини иқтисодий рентабелли тармоққа айлантириш, ҳосилдорликни ошириш, аҳолининг мева-сабзавот, узум ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар самарасидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Ушбу ҳужжатга асосан, мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига қатор имтиёзлар берилгани фермерларда мулкка эгалик ҳиссини кучайтириб, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Фарғона вилояти соҳибкорлари боғдорчиликни ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этишда илғор усуллардан фойдаланмоқда. Кейинги уч йилда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 700 гектардан зиёд майдонда интенсив боғлар барпо этилгани фикримиз далилидир.
Фарғона туманидаги “Fargona fresh Frukt” масъулияти чекланган жамияти 2011 йилда 34 гектар ерда интенсив боғ ташкил этди. Боғнинг 26 гектарида 37 минг туп “Golden delicoks”, “Симиренко”, “Хомпош” каби олма, қолган 8 гектарида 16 минг туп нок парваришланмоқда.
– Интенсив боғ кўчатлари танаси кичик бўлгани боис ишлов бериш осон, – дейди боғбон Баҳодир Жалолов. – Дарахт танасига ёруғлик яхши тушиши натижасида меванинг сифати юқори бўлади. Оддий боғда етиштириладиган кўчат беш-олти йилда ҳосилга кирса, бу ерда икки йилда нишона кўрсатиб, учинчи йили сифатли ва мўл ҳосил беради. Тўртинчи-бешинчи йилдан бошлаб интенсив боғнинг ҳар гектаридан 40-60 тоннагача ҳосил олиш мумкин.
2013-2014 йилларда интенсив боғда етиштирилган олмадан 120 тонна ҳосил олиниб, асосан ички бозорга, шунингдек, мевани қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилди. Олинган даромад 190 миллион сўмни ташкил этди. Бунинг натижасида 15 янги ишчи ўрни яратилди.
– Боғда етиштирилаётган меваларни келгусида хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз, – дейди “Fargona fresh Frukt” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Собиржон Маликов. – Олма ҳосилдорлиги йилдан-йилга ортиб, кўзланган самарани бермоқда. Ҳозир аҳоли учун мева кўчатлари етказиб беришни ҳам йўлга қўйдик. Жорий йилда ана шу мақсадда 6 минг туп олма кўчати етиштирилди.
Интенсив боғлар тезпишар, тежамкор ҳамда серҳосиллиги билан боғбонлар эътиборини тортмоқда. Улардан унумли фойдаланиш эса тармоқни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.