Интенсив боғлар – фаровонлик омили
Хоразм вилояти Янгибозор туманида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган намунавий интенсив боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Хоразм вилояти Янгибозор туманида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилган намунавий интенсив боғнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти, Фермерлар кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят давлат ўрмон хўжалиги, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида аҳолини табиий тоза ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, мева-сабзавотчилик ва боғдорчиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Хоразм вилоятида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 400 гектар интенсив боғ барпо этилди. Айни пайтда боғдорчиликни ривожлантириш, замонавий усулларни кенг жорий этиш, боғбонларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришда янги имкониятлар яратиш борасида хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳам яхши йўлга қўйилган.
Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорликда Урганч давлат университети ўқув-тажриба хўжалиги ҳудудида 5 гектар майдонда барпо этилган интенсив боғда хориждан келтирилган олма, гилос, олхўри, беҳи каби мевали дарахт кўчатларининг воҳа иқлимига чидамли 15 дан ортиқ нави экилиб, синовдан ўтказилмоқда. Келгусида яхши ривожланган навлар танлаб олинади ва кўпайтирилиб, боғдорчилик фермер хўжаликларига етказиб берилади.
– Ўзбекистон – серқуёш ўлка, тупроғи унумдор, – дейди Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳа раҳбари Торстен Брецина. – Бу боғдорчиликда муҳим аҳамиятга эга. Юртингиз боғларида етиштирилган сархил меваларнинг сифати ва мазаси дунё бозорида жуда машҳур. Ҳамкорликда ташкил этилган интенсив боғларнинг афзал томони нисбатан кичик майдондан, кам сув сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин. Маҳаллий боғларда бу кўрсаткич анча паст. Жорий этилаётган замонавий суғориш технологияси сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш имконини беради.
Соҳа мутахассислари ва фермерлар янги интенсив боғда парваришланаётган кўчатларнинг ривожланиши, уларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашиш усуллари билан танишди, ўзаро тажриба алмашди.