Интенсив боғ: амалиёт ва тажриба
Андижон вилоятида 2011-2016 йилларда 3 минг 332 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилди. Интенсив боғлардан юқори ҳосил олиш учун мавсумий агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли олиб борилмоқда. Бунда илғор усулларнинг қўлланилаётгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Андижон вилоятида 2011-2016 йилларда 3 минг 332 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилди.Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш жараёнида боғдорчиликни янада ривожлантириш, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, аҳолининг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш, янги боғлар барпо этиш, кўчатларни турли касалликлардан асраш, навларни янгилаш ва мева-сабзавот экспорт ҳажмини ошириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, интенсив боғлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Андижон вилоятида 28,4 минг гектар майдонда боғ, 5,5 минг гектар узумзор парваришланмоқда. Вилоятда боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 7 минг 730 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 2016 йилда 493,6 минг тонна мева, 71,4 минг тонна узум етиштириш режалаштирилган. Шу билан бирга, умумий қиймати 517 миллион доллар миқдоридаги 339 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилиниши кўзда тутилган.
– 2011-2016 йилларда 3 минг 332 гектар интенсив боғ яратилди, – дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдумуталлиб Сулаймонов. – Янги боғларга хориждан келтирилган олма, нок, олхўри, гилос, олча ҳамда шафтолининг пакана ва ярим пакана навли кўчатлари ўтқазилди. Дастлабки йилларда барпо этилган боғлар айни пайтда гектаридан 300-400 центнердан ҳосил бермоқда.
Интенсив боғлардан юқори ҳосил олиш учун мавсумий агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли олиб борилмоқда. Бунда илғор усулларнинг қўлланилаётгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалигида “ўтлоқи боғдорчилик” комбинацияси бўйича мутлақо янги йўналишдаги боғдорчилик усули жорий этилган. Ушбу янги технологияга кўра, гектаридан 500-550 центнер ҳосил олингани унинг нечоғли афзаллигини амалда кўрсатади. Бу усул меҳнат сарфини 50-60 фоизга камайтириб, ҳосилдорликни 25-30 фоизга ошириш имконини беради.
– Хўжалигимизда 16 гектар интенсив боғ мавжуд, – дейди Асака туманидаги “Кужгон чорвадори” фермер хўжалиги раҳбари Маҳфуза Аҳмедова. – Уч йил аввал Сербиядан келтирилган олма кўчатлари бу йил тўла ҳосилга кирди. Бугун боғда товланиб турган шиғил мевалар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик-узумчилик ва виночилик илмий-текшириш институтининг Андижон экспериментал кўчатчилик хўжалигида 2015 йилда 250 минг туп, 2016 йилда 300 минг тупдан зиёд олма ва нокнинг интенсив технологияга асосланган сифатли кўчати тайёрланиб, хўжаликлар ва аҳолига етказиб берилди. Андижон қишлоқ хўжалик институти олимлари ҳамда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан вилоят шароитида интенсив боғлар яратиш, кўчатларни жойлаштириш, экиш технологияси, қаламчалар тайёрлаш, умуман, илғор усулларни жорий этиш бўйича тавсия ва услубий қўлланмалар тайёрланиб, фермерларга тарқатилгани уларнинг бу борадаги билим ва тажрибасини бойитмоқда.
Андижонда боғдорчилик борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Боғ парваришида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётгани, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётгани боғлардан юқори ҳосил олиш имконини бермоқда. Айниқса, мавжуд боғларнинг кўчат қатор ораларига сабзавот ва полиз экинлари экиш ва мўл ҳосил олиш борасида ҳам катта ютуқларга эришилмоқда. Бу сабзавот ва полиз маҳсулотлари мўл-кўлчилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.