Интеллектуал мулк ҳимояси янада мустаҳкамланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижаларини жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг қўшимча қиймат билан сотилишини таъминлашда интеллектуал мулкни ишончли ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга қарши тоқатсизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.
–Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини амалиётга татбиқ этиш, тегишли ҳуқуқларни ҳимоя қилишда томонларнинг манфаатдорлигини ошириш белгиланмоқда, – деди депутат С.Ғиёсов. – Шунингдек, ушбу йўналишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, қонунга хилоф равишда фойдаланиш натижасида етказилган зарар ўрнига товон талаб қилиш тартибини, бунда биринчи навбатда ҳуқуқ эгасининг манфаатдорлигини оширишга қаратилган янги тартибларни жорий қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилишига, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сифат жиҳатдан яхшиланишига ҳамда ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, интеллектуал мулк ҳимоясининг кучайтирилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА