Интеллектуал бошқарув тизимларини жорий қилиш соҳа самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади
Мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63 фоиздан қарийб 83 фоизга кўтарилди. Шу даврда 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, 11 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишиб, соҳада бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Ичимлик суви ва оқова сув хизматлари аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминловчи стратегик соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис, кейинги йилларда мазкур йўналишни такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторига қўйилди.
Президент Шавкат Мирзиёевга ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдим этилган ахборот соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифаларни атрофлича ёритиб берди. Энг муҳими, тақдимотда ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд камчиликлар ҳам очиқ муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Сўнгги йилларда мазкур соҳага катта миқдорда инвестициялар жалб қилиниб, юзлаб сув иншоотлари барпо этилди, минглаб километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Бунинг натижасида миллионлаб фуқароларнинг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланди. Бу рақамлар мамлакатимизда аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этаётганини кўрсатади.
Бироқ, соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Айрим ҳудудларда ичимлик суви узлуксиз етказиб берилмаётгани, эскирган қувурлар туфайли сув йўқотишлари юқорилиги, оқова сув тармоқларининг етарли даражада ривожланмагани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, айрим лойиҳаларнинг кечикиши ёки сифатсиз бажарилиши ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ҳам пасайтириши мумкин.
Давлат раҳбари томонидан айнан шу муаммоларга алоҳида эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга. Энди асосий вазифа – лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, сув йўқотишларини камайтириш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, замонавий бошқарув механизмларини татбиқ этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда иш ташкил этишдан иборат.
Айниқса, сув тармоқларини рақамлаштириш, замонавий ҳисоблагичлар ва интеллектуал бошқарув тизимларини жорий қилиш, аварияларни барвақт аниқлаш ҳамда ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳа самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу нафақат иқтисодий тежамкорликни таъминлайди, балки аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини ҳам янги босқичга олиб чиқади.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий баҳоси қабул қилинган қарорлар ёки статистик кўрсаткичлар билан эмас, балки аҳоли ҳаётидаги амалий ўзгаришлар билан ўлчанади. Инсонлар тоза ичимлик суви узлуксиз етиб келаётганини, оқова сув тизими барқарор ишлаётганини ҳис қилсаларгина ислоҳотлар самараси тўлиқ намоён бўлади.
Сув — ҳаёт манбаи. Уни аҳолига сифатли ва узлуксиз етказиб бериш эса давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали ижроси ҳар бир маҳалла ва хонадонда муносиб турмуш шароитини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА