Институтда мумтоз куй ва қўшиқлар янгради
Андижон давлат техника институтида буюк шоҳ ва мутафаккир шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий, адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.
Ёшлар орасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий мусиқа санъатини тарғиб этиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шунингдек, ёшларнинг адабиётга, мусиқага, улуғ бобомиз З.М.Бобур ижодий меросини ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар фаол иштирок этди.
Кеча очилишида сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилояти бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирди, Бобур Мирзо ғазалига боғланган муҳаммас ўқиди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат филармонияси Андижон филиали санъаткорлари томонидан Мирзо Бобур ғазал ва рубоийлари асосида яратилган кўй-қўшиқлар маҳорат билан, жонли ижро этилди. Бобур шеъриятининг гўзал намуналари, мумтоз оҳанглар билан йўғрилган тадбир иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
- Ўзбек мумтоз мусиқа санъати тараққиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий мероси алоҳида ўрин тутади, - дейди Андижон давлат техника институти катта ўқитувчиси, Маънавият тарғиботчилар жамияти аъзоси Муҳтарама Алиева. – Улуғ шоирнинг бетакрор шеърий асарлари асосида яратилган мусиқий дурдоналар асрлар давомида санъат ихлосмандларини баҳраманд этиб келади. Ушбу асарлар нафақат жозибали оҳанги, балки чуқур фалсафий мазмуни, юксак бадиий савияси ва руҳий таъсир кучи билан ҳам дилга яқиндир.
[gallery-27541]
Ушбу тадбир иштирокчилар, айниқса, талаба ёшларнинг Бобурнинг ижодий меросига бўлган қизиқишни ошириш, мумтоз қўшиқчилигимиз, миллий ва маънавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган бой меросни тарғиб этишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА