Институтда мeҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Наманган тўқимачилик саноати институтида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик тўқимачилик кластерлари, 60 дан ортиқ тўқимачилик ва енгил саноат корхонаси иштирок этган мазкур меҳнат ярмаркасини ташкил этишдан мақсад битирувчи ҳамда юқори босқич талаба-ёшларининг ўз соҳаси бўйича бандлигини таъминлашга кўмаклашишдир.

Ярмаркада сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Окибжон Иномов, Республика “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси масъул ходими Зоҳиджон Осамов интилувчан ва ғайратли ёшларнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиб, келгусида бўлажак кадрларнинг саноатда ўз ўрнига эга бўлиб етишишида муваффақият тилади.

Тадбирда иқтидорли талабалар, магистрантлар ва илмий тадқиқотчиларнинг дизайнерлик, тикувчилик, трикотаж, ип йигирув, тўқув ва чарм маҳсулотлари бўйича илмий-инновацион ишланмалари кўргазмаси, либослар намойиши, спорт ўйинлари, бадиий чиқишлар ташкил этилди.

Мутасаддилар ва тўқимачилик тармоғи фахрийлари жаҳон талабларига мос равишда яратилган шарт-шароитлар, ўқув аудиториялари, лабораториядаги ускуналарни кўздан кечирди.

Меҳнат ярмаркасида 200 нафарга яқин битирувчи ва 70 нафардан ортиқ юқори босқич талабаси ўз мутахассислиги бўйича ишлаш юзасидан иш берувчи корхоналар билан келишувга эришди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири