“Instagram” 90 дақиқалик видеоларни синовдан ўтказмоқда
"Instagram" платформаси “YouTube” билан рақобатлашиш мақсадида муаллифларга давомийлиги бир ярим соатгача бўлган видео роликларни жойлаштириш имконини берувчи "Features" номли янги форматни синовдан ўтказа бошлади.
Компания шу тариқа подкастчилар, комиклар ҳамда йирик контент яратувчиларни жалб қилиш ва фойдаланувчиларни илова ичида узоқроқ ушлаб туришни кўзлаган. Янги функция ҳақида “Instagram” раҳбари Адам Моссери ва маҳсулот бўйича вице-президент Тесса Лайонс маълум қилди. Бразилияда бошланган дастлабки синовдан сўнг ушбу имконият АҚШдаги танлаб олинган блогерлар учун очилади. Янгилик бошқа мамлакатларда қачон жорий этилиши ҳозирча номаълум.
Узун форматдаги видео одатий “Reels” бўлими билан ўзаро боғланади. Натижада фойдаланувчи подкаст ёки кўрсатувдан қисқа парча томоша қилиб, иловадан чиқмаган ҳолда тўлиқ талқинга ўтиши мумкин. Шунингдек, лавҳани тавсия бўлимида ҳам тўлиқ кўрсатиш ҳамда телевизор орқали кўриш қулай бўлиши учун тик шаклда чиқариш режалаштирилган. Дарвоқе, “Instagram” узун видео бозорига кириш учун илк бор уринаётгани йўқ: 2018 йил компания IGTV хизматини ишга туширган, аммо 2022 йилга келиб лойиҳа ёпилган. Бу галги платформа яна бир бор қисқа ролик ва тўлиқ форматдаги шоуларни ягона иловада бирлаштиришга қаратилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА