Инсоннинг имкониятлари чексиздир
Инсон учун нафақат касбий малака ва маҳоратни ошириш, карьерада юксалиш, балки спорт, бадиий ижодиёт каби соҳаларда ҳам янги чўққиларни забт этиш учун вақт ва имконият мавжуд.
Бугун мамлакатимизда ҳар бир ҳамюртимизнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд Амалиёт банк хизматлари маркази ходими Динора Худойбердиева поло спорти бўйича ўтказилган саралаш мусобақасида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақанинг республика босқичида ҳам Динора ўз жамоаси билан муваффақиятли иштирок этиб, бошқа вилоятлар жамоаларини мағлуб этди ва Ўзбекистон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди.

Шунингдек, юқори спорт натижалари учун унга “Спорт устаси” унвони ҳам берилди.
Жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда ўтказилган поло мусобақасида Самарқанд жамоасининг Ўзбекистон чемпиони бўлгани алоҳида эътиборг лойиқ.

Жамоа аъзоси Динора Худойбердиева бундан аввал ҳам қатор ютуқларга эришган. Жумладан, у “Олима аёл”, “Энг яхши инновацион ғоя муаллифи”, “Йил талабаси” танловлари, шунингдек, “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони ва стартап лойиҳалар танлови ғолибаси ҳисобланади.

Турли стартап ғоялари билан танловларда иштирок этиб келаётган Диноранинг 65 миллион сўмлик инновацион ғояси молиялаштирилгани ҳам аҳамиятлидир.
Ҳозирги кунда банк вакилларидан иборат спортчилар жамоаси Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақага қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА