Инсоният янги инфекцион инқироз бўсағасидами?!
Сўнгги кунларда халқаро тиббиёт ва сиёсат оламининг диққат-марказида яна бир жиддий хавф – Россия Федерациясининг Иркутск вилоятида юзага келган эпидемиологик вазият бўлиб турибди.
Иркутскда бир нечта шифохоналарнинг карантинга олиниши, юзлаб фуқароларнинг изоляция қилиниши ҳамда номаълум этиологияли пневмония сабабли қайд этилган ўлим ҳолати глобал даражада хавотир сигналларини чала бошлади. Ушбу воқеалар жараёнида 21–22 октябрь кунлари Иркутск шаҳрида МДҲ давлатларининг 18-давлатлараро илмий-амалий конференцияси режалаштирилгани ҳам беморлик ва эпидемияларга қарши кураш масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда.
Евроосиё қитъасидан тортиб Океан ортигача бўлган мамлакатлар вазиятни синчковлик билан кузатмоқда. Эпидемия тарқалиши эҳтимоли ҳақидаги хабарлар ортидан яқин давлатлар зудлик билан профилактик чораларни кучайтирди. Жумладан, Иркутскдан пойтахтга учиб келаётган барча йўловчиларнинг ҳарорати текширилиб қатъий назоратга олинади.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатлар чегара ва санитария-эпидемиологик назорат пунктларида ўта хавфли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилди. АҚШ Давлат департаменти ва Касалликларни назорат қилиш ҳамда олдини олиш марказлари вазиятни диққат билан кузатмоқда.
Расмий идоралар лабораторияларда ҳеч қандай фавқулодда хавфли инфекция тасдиқланмаганини таъкидлаётган бўлсада, жорий этилган изоляция ва карантин чекловлари жамоатчиликдаги хавотирларни кучайтирмоқда. "Эбола" ва “COVID” каби вируслардан олинган тажрибалар шуни англатадики, ҳар қандай маҳаллий ўчоқ агар ўз вақтида олди олинмаса, халқаро миқёсда тарқалиши мумкин. Яқин ўтмишда буни кўрсатган бир неча мисоллар мавжуд. Африкада пайдо бўлган "Эбола" вируси қатъий карантин қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Касалликнинг юқори ўлим кўрсаткичи ва тез тарқалиши халқаро ҳамжамиятни бир ёқа остида бирлаштирган эди.
XXI асрнинг энг катта инфекцион инқирози бўлган коронавирус пандемияси дунё давлатларининг соғлиқни сақлаш тизимларидаги заиф нуқталарни очиб берди. Дастлабки босқичларда маълумотларнинг етарлича шаффоф бўлмагани ва чегараларнинг кечикиб ёпилиши инфекциянинг бир неча ой ичида бутун дунёга тарқалишига сабаб бўлди. Россияда юзага келган ушбу эпидемиологик вазият бугунги глобаллашган дунёда ҳеч бир мамлакат инфекцион хавфлардан холи эмаслигини яна бир бор эслатди.
Чегараларнинг очиқлиги ва транспорт алоқаларининг серқатновлиги сабабли ҳар қандай номаълум касаллик ўчоғига қарши биргаликда ва тезкор курашиш ҳаётий заруратдир. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон томонидан санитария назоратининг ўз вақтида кучайтирилгани – аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда масъулиятли қадам. Инсоният "Эбола" ва "CОVID" каби буюк синовлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, ҳар қандай янги хавф-хатарга ваҳимасиз, лекин максимал даражада тайёр ва ҳушёр туриши лозим.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА